Демократлар партиясидан президентликка номзодликка даъвогарлик қилаётган АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис ноябрь ойидаги сайловда вице-президентликка номзод ўлароқ Миннесота губернатори Тим Уолзни танлади. Бу ҳақда у Х ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.
Олтмиш ёшли Уолз АҚШ Миллий гвардия армиясида бир неча йил хизмат қилган собиқ ўқитувчидир. У 2018 йилда Миннесота штати губернатори этиб сайланган. Қайд этилишича, у аёллар ҳуқуқлари ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда прогрессив ёндашуви билан танилган.
Камала Ҳаррис 5 ноябрдаги президент сайловида номзод ўлароқ иштирок этиш учун Демократик партия делегатларидан зарур овоз йиғишга муваффақ бўлган. У мазкур номинацияни 19 август куни очилажак партия қурултойида расман қабул қилиши кутилмоқда.
Ҳаррис штаби вакиллари у томонидан вице-президентликка танланган шахс у билан биргаликда етти штат бўйлаб биргаликда турнега йўл олишини билдиришган. Бу рўйхатда биринчи ўринни Пенсильвания эгаллаган бўлиб, бу штатни Камала Ҳаррис ҳам, республикачилар партияси номзоди Дональд Трамп ҳам сайлов натижасига катта таъсир кўрсатадиган штатлардан бири деб билишади.