АҚШ Сенати Ўзбекистондаги элчи лавозимига Жонатан Ҳеник номзодини тасдиқлади

АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчиси Жонатан Ҳеник.

АҚШ Сенати президент Жо Байден таклифи асосида Вашингтоннинг Тошкентдаги элчиси лавозимига Жонатан Ҳеник номзодини тасдиқлади. Ҳеник 2018 йилнинг сентябридан АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимида ишлаб келган Дэниел Розенблюмнинг ўрнини эгаллайди. Розенблюм эса АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси лавозимига тайинланди.

Жонатан Ҳеник Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бюросида Давлат котиби ёрдамчисининг ўринбосари, кейинроқ эса Миллий мудофаа университети қошидаги Ахборот ва кибермакон коллежида АҚШ Давлат департаменти кафедраси мудири бўлган. У Давлат департаментининг маслаҳатчи-элчи мақомига эга дипломати ҳисобланади.

Ҳеник Озарбайжон, Туркия, Португалия ва Ўзбекистонда турли дипломатик вазифаларда ишлаган. АҚШ Давлат департаментининг Глобал ҳамкорлик маркази мувофиқлаштирувчисининг ўринбосари сифатида Россия, Хитой ва Эрондан келаётган дезинформацияга қарши саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштирган.

Жонатан Ҳеник Нью-Йоркда туғилган. У рус, португал, турк ва озарбайжон тилларини билади. Шунингдек, у сиёсатшунослик фанлари доктори илмий даражасига эга.