Ҳиндистоннинг Marion Biotech корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дориларининг ножўя таъсири оқибатида ногирон бўлиб қолган ўзбекистонлик болалар сони расман ортди.
“Док-1 Макс” иши доирасида жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди судьяси Дилшод Комилов томонидан 2024 йил 18 ноябрида эълон қилинган ҳукмдан жамоатчилик энди хабар топмоқда.
Gazeta.uz нашри ёзишича, суд 2020 йил 14 октябрида Қорақалпоғистон Республикасида туғилган Шаҳрам Абатбаев, 2016 йил 22 августида Жиззах вилоятида туғилган Муслима Зиёбоева, 2018 йил 30 сентябрида Сирдарё вилоятида туғилган Мансур Кемамов “Док-1 Макс” дорисидан, 2020 йил 21 ноябрида Хоразм вилоятида туғилган Сарварбек Жуманазаров, 2022 йил 15 январида Хоразм вилоятида туғилган Муҳаммадали Ойбеков “Амбронол” дорисидан ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари олган, деган хулосага келган.
“Док-1 Макс” Ўзбекистон фармацевтикаси тарихидаги энг можароли ишлардан бири саналади.
Мамлакатда 2022 йилнинг сентябрь – декабрь ойларида Marion Biotech корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган дорилардан болаларнинг оммавий заҳарланиши кузатилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан ярим йилдан ортиқ вақт давом этган суд жараёнида дорилар таъсирида расман 68 нафар бола вафот этгани, 18 нафар бола ногирон бўлиб қолгани маълум қилинганди.
Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди ҳукми билан дорининг ножўя таъсири туфайли мажруҳ бўлиб қолган болалар сони расман 23 нафарга етди.
Ижтимоий тармоқларда жабрдийдалар сони кўпроқ экани ҳақида тахминлар илгари сурилгани маълум.
Суд дори истеъмолидан вафот этган 68 нафар марҳум ва соғлиғи ўта оғирлашган болаларнинг қонуний вакилларига 1 миллиард сўмдан маънавий зарар ундириш ҳақида қарор чиқарган.
Аввалроқ фарзанди ушбу дори туфайли ногирон бўлиб қолган фуқаро Феруз Нуриддинов соғлиқни сақлаш масъулларини ҳаракатсизликда айблаганди.