Ҳиндистон халқ партияси раҳбарлигидаги Миллий-демократик альянс номзоди Драупади Мурму мамлакат президентлигига сайланди. У Ҳиндистонни 2007 – 2012 йилларда бошқарган Пратибха Патилдан кейин иккинчи аёл ва “қуйи табақадаги қабила”лардан чиққан биринчи президент бўлди.
Сантал қабиласининг вакили бўлган Мурму 25 июль куни қасамёдга келтирилади. Амалдаги президент Рама Натха Ковинданинг президентлик ваколатлари 24 июлда якунланади.
64 ёшли Мурму Ҳиндистон 1947 йилда Британиядан мустақил бўлганидан сўнг туғилганлар орасида президентликка сайланган биринчи шахсдир. Ота-онаси унга ҳиндларнинг машҳур Махабхорат эпоси бош қаҳрамони Драупадининг исмини қўйган.
Мурму Одиша штатидаги Рама Деви номидаги аёллар университетининг санъат факультетини тамомлаган. У мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган ва 20 йил аввал сиёсат билан шуғуллана бошлаган. У Одиша штати ҳукумати маслаҳатчиси, штат транспорт вазири ва икки марта маҳаллий парламент депутати бўлган. 2015 йилда Мурму Жаркҳанд штатининг биринчи аёл губернатори бўлди.
Ҳиндистон президенти ваколатлари асосан ҳукуматнинг қарорларини тасдиқлаш ва вакиллик функцияларини бажариш билан чекланади.