Ҳиндистоннинг «Док-1 Макс» сиропини ишлаб чиқарган Marion Biotech ширкати лицензияси Уттар-Прадеш дори воситаларини назорат қилиш бошқармаси томонидан бекор қилинди. Hindustan Times газетасининг ёзишича, бу Ўзбекистонда «Док-1 Макс» сиропини ичган 20 боланинг ўлими билан боғлиқдир.
Хабарда айтилишича, мартнинг бошларида полиция ширкатнинг ишлаб чиқариш бошлиғини ва икки нафар илмий ходимини ҳибсга олган. Айни пайтда ширкат раҳбарларидан яна икки нафари қидирувга берилган.
Аввалроқ Озодлик радиоси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам учта давлатда йўтал сиропидан камида 300 бола ўлгани юзасидан тергов ўтказаётгани тўғрисида хабар берган эди.
Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган мазкур сиропдан дастлаб 2022 йилнинг июлида Гамбияда болалар буйраги зарарлангани ортидан вафот эта бошлаган эди. Кейинроқ бундай ҳолатлар Индонезия ва Ўзбекистонда кузатилди.
Ўзбекистонда тергов доирасида февраль ойида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг қатор масъул лавозимдаги ходимлари, жумладан, агентлик раҳбари Сардор Кариев қўлга олинган эди.
Ўзбекистонда “Док-1 Макс” препаратини қабул қилгани ортидан 20 нафар бола вафот этгани, ҳолат бўйича ДХХ Тергов бошқармаси томонидан “Quramax Medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” масъул шахсларига нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.
Кейинроқ мазкур дорини Ҳиндистондан олиб келган “Quramax Medikal” ширкатига берилган лицензия бекор қилинган.
Жорий йилнинг 18 январь куни Халқаро пресс-клубда бўлиб ўтган сессия чоғида соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова “Док-1 Макс” препаратини қабул қилгани ортидан вафот этган болаларнинг оилаларига товон пули тўланиши мумкинлиги ҳақида гапирган эди.