Ҳиндистонда гипертовушли ракета синовдан ўтказилгани айтилмоқда

Иллюстратив сурат

Ҳиндистон ўзининг узоқ масофали илк гипертовушли ракетаси синовини муваффақият билан ўтказган. Бу ҳақда 17 ноябрь куни мамлакат мудофаа вазири Ражнат Сингҳ маълум қилди. Синов шанба куни Ҳиндистон яриморолининг шарқий соҳили яқинидаги оролда жойлашган Абдул Калом полигонида бўлиб ўтган.

Синовдан ўтказилган ракета турли каллакларни ташиш ва 1500 километр масофага учиб бориш имкониятига эга. У товуш тезлигидан беш баравар юқори бўлган тезлик билан уча олади.

Шу тариқа Ҳиндистон илғор технологияли қуроли бўлган тор доирадаги давлатлар қаторига қўшилган. Ҳозирги кунда гипертовушли қуролга АҚШ, Россия ва Хитойгина эгалиқ қилади. Ўзларида гипертовушли ракеталар синови ўтказилгани ҳақида аввалроқ Эрон, Шимолий Корея ва Яман ҳусийлари ҳам эълон қилишган, бироқ айни пайтда уларнинг армиясида бу каби қурол бор-йўқлиги маълум эмас.

Россия Украинада кенг кўламли босқинчилик уруши бошлагунига қадар Ҳиндистон Россиядан анчагина қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника импорт қилувчи давлатлардан бири эди. 2022 йилдан кейин Ҳиндистон биринчи галда АҚШ, Япония ва Австралия билан ҳарбий ҳамкорликни кенгайтирмоқда.