Афғонистоннинг Ҳирот шаҳридаги Алишер Навоий мақбараси мажмуаси кириш қисмида саккиз бурчакли масжид бунёд этилади. Президент матбуот хизматига кўра, мажмуа лойиҳаси Шавкат Мирзиёевга 31 май куни тақдим этилган.
Туризм, шаҳар инфратузилмаси, саноат соҳаларидаги лойиҳалар билан танишган Ш. Мирзиёев кеча Ҳиротдаги Алишер Навоий мақбарасини таъмирлаш ва тиклаш, унинг атрофини ободонлаштириш лойиҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратган.
Қайд этилишича, мақбара мажмуасида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш имкониятларини ўрганиб чиқиш вазифаси президентнинг 2020 йил 19 октябридаги “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган эди.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш доирасида ўзбекистонлик мутахассислар афғонистонлик ҳамкасблари билан биргаликда мақбарани жойида ўрганган. Ўрганишлар натижасида анъанавий меъморчилик, санъат ва безак элементларидан фойдаланган ҳолда мақбарани таъмирлаш ва тиклаш лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Душанба куни тақдим этилган лойиҳага мувофиқ, мақбаранинг кириш ва қолган йўлакларига Навоийнинг ҳикматли сўзлари битилган китоб кўринишидаги белгилар қўйилади ҳамда декоратив ўтиргичлар ўрнатилади.
Мажмуанинг кириш пештоғидан ҳовли қисмининг чап ва ўнг томонида ёпиқ услубда айвонлар барпо этилади. Мақбаранинг ташқи кўринишига безак берилади. Гумбаз, мақбара олди ва ён қисмлари майолика элементлари билан ишланади. Мажмуа ҳудуди кўкаламзорлаштирилади.