Ҳисобот: Украинанинг ишғол этилган ҳудудларида Россиянинг 21 та фильтрацион лагери ишлаб турибди

Мариуполь яқинидаги фильтрацион маскан (архив сурати)

Россия март ойидан буён Украинанинг ишғол этилган ҳудудларида камида 21 та фильтрацион лагерь барпо қилиб, у ерда украиналикларни ноқонуний равишда тутиб турибди. Бу ҳақда Йел университети тадқиқотчилари ҳисоботида айтилган.

Ҳужжат АҚШ Давлат департаменти томонидан дастакланувчи Conflict Observatory лойиҳаси сайти орқали ёйинланган.

Ҳисобот муаллифлари очиқ манбалардан олинган маълумотлар ва масофали кузатиш маълумотлари асосида 21 та ана шундай лагерь жойини аниқлашган. Таҳлилчилар уларни қайдга олиш масканлари, рўйхатга олинишини кутаётган одамлар ушлаб турилган жойлар, узоқ вақт тутиб туриш учун хизмат қилувчи тергов ҳибсхоналари ҳамда қамоқхоналар каби тўртта асосий тоифага ажратишган.

Тадқиқотчилар у ерларда антисанитария, озиқ-овқат ва сув етишмаслиги ҳолатлари, қийноқ қўлланилаётган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмаганлар. Ҳисобот муаллифлари мазкур объектларга мустақил кузатувчилар киритилишини талаб қилишган.

АҚШ Давлат департаменти ҳам Москвадан “фильтрация” амалиётини бас қилишни талаб қилган. Департаменти фильтрацион лагерлар ва украиналикларнинг мажбурий депортация қилинаётганига оид маълумотлар йиғиш учун 9 миллион доллар ажратган.

Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси мазкур ҳисоботни “ёлғон-яшиқ”қа асосланганини иддао қилмоқда.