“Ҳисорак”даги авария ҳақида “фейк” тарқатганлар жазоланмоқда

"Ҳисорак" сув омборидан келаётган сув

Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси “Ҳисорак” сув омборидаги авария ҳақида ижтимоий тармоқларда ёлғон хабарлар тарқатган фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, 10 июнь куни Шаҳрисабз туманидаги “Ҳисорак” сув омбори ҳақида интернет тармоғида “баъзи фуқаролар ёлғон ахборот тарқатиб, одамларнинг тинчини бузиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зарар етказилишига сабабчи бўлган”.

Вилоят ИИБ мазкур ҳолат бўйича Шаҳрисабз туманида яшовчи Д.У., Н.А. ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244/6-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирган.

“Ҳисорак”даги вазият бўйича Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан тарқатилган дастлабки расмий маълумотда сув омбори тўғонида авария содир бўлгани, бироқ сув омборига айтарли шикаст етмагани, ортиқча хавотирга ўрин йўқлиги, вазият тўлиқ назоратга олингани урғуланган.

Бу маълумот маҳаллий турғунларга етарлича таскин бермаган чоғи - сув омбори атрофида яшовчи аҳоли тунда бошқа ҳудудларга кета бошлаган. Бунинг ортидан маҳаллий расмийлар кетма-кетига сув омбори ёрилмагани ва фавқулодда вазият юзага келмагани, ҳамма нарса назорат остида экани ҳақидаги қайта ва қайта баёнотлар билан чиқа бошлаган.

Тўғондаги вазият ҳақида 11 июнь куни Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев ҳам “Ҳисорак” сув омбори яқинида туриб баёнот берган. Мулозимга кўра, сув омборида ҳеч қандай техноген ҳодиса юз бермаган, сув омбори эса одатий тартибда ишламоқда. Бироқ вазирнинг бу баёноти ФВВ томонидан аввалроқ тарқатилган “тўғоннинг чап тарафидан қўшимча туннел очиш мақсадида олиб борилаётган муҳандислик техник тадбирлари вақтида сув сизиб чиқиши ҳолати кузатилган”ига оид маълумотига зид эди.

Ўрганишлар натижасида маълум бўлдики, Ҳисорак сув омбори "штатний" режимда ишлаяпти. Бу йил об-ҳавонинг серёғин келганлиги ва кунларнинг исиб кетиб, тоғлардаги қорларнинг эриши тезлашганлиги Ҳисорак сув омборининг ён бағирларида жойлашган, ўзининг йўли билан келаётган сувларнинг бирмунча кўпайиши ҳолати сезилган. Лекин сув омборининг бирорта параметри ўзгармаган”, деган вазир Абдулла Қўлдошев.

Айни пайтда Қашқадарё вилояти ҳокимиятига яқин, бир-биридан мустақил икки манбанинг Озодликка билдиришларича, омбор тўғонида техноген ҳодиса юз берган.

Кеча туман ҳокими пахтага сув ҳайдаяпмиз, деб ёлғон айтди. Ҳеч қачон Қамашидаги сув омборига бу омбордан сув ҳайдалмайди. Бу - халқ ваҳимага тушмаслиги учун ўйлаб топилган гап. Хитойликлар сув омборидан сув тушадиган яна бир туннел қуришаётган эди. Қурилиш ишлари учун улар тоғ жинсларини бир неча марта портлатган. Ўша портлашлардан тўғоннинг бетони дарз кетган ва сув ўша ердан оқиб чиққан. Айтишларича, ҳозир ўша сув чиқаётган жой вақтинчалик ёпилган, лекин уни бутунлай мустаҳкам ёпиш учун уч-тўрт кун вақт керак экан. Ҳозир, ҳамма катталару мутахассислар шу ерда”, деган жумладан исми сир қолишини сўраган маҳаллий мулозимлардан бири.

“Ҳисорак ГЭС” УК бошқармасига қарашли “Ҳисорак” сув омбори жойлашган Мираки қўрғончасининг исми сир қолишини сўраган яшовчиси эса тўғон тарафга туни билан қориштирилган цемент ортилган машиналарнинг қатнови тўхтамаганини айтган.

Мен ўзим шу маҳаллада яшайман. Туни билан тайёр цемент қоришмаси бор, цистернаси айланиб турадиган мошиналар оқими тинмади. Менинг ўзим юзтадан ортиғини санадим. Билмадим, ичкарида нима қилишди, лекин бугун вазият тинчиди”, деган маҳаллий турғун.