“Ҳизбуллоҳ”га Ҳасан Насруллоҳнинг қариндоши раҳбар бўлди

"Ҳизбуллоҳ"нинг янги лидери Ҳошим Сафиюддин

Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” террор гуруҳи Ҳошим Сафиюддинни ташкилотнинг янги бош котиби ўлароқ сайлаган. Бу ҳақда араб нашрлари хабар қилди.

Олтмиш ёшли Сафиюддин “Ҳизбуллоҳ” асосчиларидан бири бўлиб ҳисобланиб, у ташкилот ижроия қўмитаси раҳбари лавозимини эгаллаб келаётган эди. Сафиюддин гуруҳ лидери лавозимига сайлангунига қадар “Ҳизбуллоҳ”нинг молиявий масалалари билан шуғулланиб келган. У 2017 йилдан буён АҚШ томонидан қидирилаётган террорчилар рўйхатида туради.

Сафиюддин она томонидан “Ҳизбуллоҳ”нинг марҳум лидери Ҳасан Насруллоҳнинг қариндоши ва 2020 йил январида Ироқда ўлдирилган Ислом инқилоби посбонлари корпуси бўлинмаларидан бирининг собиқ қўмондони Қосим Сулаймонийнинг куёви бўлиб ҳисобланади.

Al Ghad нашри “Ҳизбуллоҳ”нинг аввалги ва янги лидерлари ўртасида ҳайратланарли даражада ўхшашлик борлигига эътибор қаратган.

“Ҳизбуллоҳ” лидери Ҳасан Насруллоҳ Исроил авиациясининг 27 сентябрь куни Байрутга ҳужуми чоғида ҳалок бўлган. Le Parisien нашри маълумотига кўра, Исроил Насруллоҳнинг қаерда эканига оид маълумотни гуруҳга суқилган эронлик агентдан олган.

Араб мамлакатларидаги қатор жиҳодчи гуруҳлар ва Россия Насруллоҳнинг ўлдирилишини қоралаб чиқишган. Қўшма Штатлар Исроил ҳаракатларини дастаклаган.

“Ҳизбуллоҳ” Ливан жанубидаги шиа мазҳабига мансуб аҳоли истиқомат қилувчи ҳудудларнинг катта қисмини назорат қилувчи қуролли гуруҳ ва сиёсий партия бўлиб ҳисобланади. АҚШ “Ҳизбуллоҳ”ни террор ташкилоти деб тан олган, Европа Иттифоқи эса фақат унинг ҳарбий қанотинигина террор ташкилоти деб тан олган. “Ҳизбуллоҳ” партияси Ливан парламентида ўз тамсилчиларига эга.

АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳи Исроилга ҳужум қилган 2023 йил 7 октябридан кейин “Ҳизбуллоҳ” Исроил шимолида ўт очишни фаоллаштирган. Натижада айрим аҳоли пунктлари эвакуация қилинган. Бунга жавобан Исроил “Ҳизбуллоҳ” мавқелари бўйлаб зарбалар бера бошлаган.

Тўқнашув “Ҳизбуллоҳ” жангарилари пейжерлари ва рациялари портлаган шу йил сентябридан кейин кучайиб кетган. Ўшанда ўнлаб киши ҳалок бўлган, уч мингга яқин одам яралаган. Гуруҳ жиҳозларга ҳужумда Исроилни айблаб чиққан.