Ҳокимиятдан четлатилган Гвинея президенти путчни амалга оширганлар қўлида қолмоқда

Гвинея пойтахти Конакри кўчаларида қўриқчилик қилаётган ҳарбийлар, 2021 йил 5 сентябри

Гвинеяда давлат тўнтариши ҳаракати амалга оширилди. Махсус топшириқлар бажарувчи қўшин жангчилари 5 сентябрь куни видеомурожаат ёйинлаб, мамлакатни 11 йилдан буён бошқариб келаётган президент Альфа Конде ҳибсга олинганини билдирдилар.

Гвинея Мудофаа вазирлиги давлат раҳбари қўлга олинганига оид маълумотни рад этиб, ҳужумчилар президент саройидан сиқиб чиқарилганини иддао қилди. Кейинроқ тўнтаришни амалга оширганларнинг лидери давлатга қарашли RTG телеканали орқали чиқиш қилишга муваффақ бўлиб, президентнинг қўлга олинганини тасдиқлади. Бу ҳақда Франция халқаро радиоси хабар қилди.

83 ёшли Альфа Конде Гвинеяни 2010 йилдан бери бошқариб келаётганди. 2020 йилда у қарийб 60 фоиз овоз билан учинчи муддатга қайта сайланганди.

Гвинея қонунчилигига мувофиқ, Конде ўз номзодини учинчи марта президентликка кўрсатиши мумкин эмасди – бу мамлакатда бир одам президентликка фақат икки марта сайлана олади, холос. Бироқ расмийлар аввалроқ Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича референдум ўтказишган, бунинг натижасида Конде ҳокимият тепасида қолишга муваффақ бўлганди.