Ўзбекистонда раҳбарлик этикаси ва қонунни бузган бешта туман ҳокими ишдан олинди

Андижон туман ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев қабулига келганларга пойгакдан жой бергани билан "машҳур" бўлган. Ижтимоий тармоқлардан олинган фотосурат.

Президент қарорлари асосида 27 сентябрь куни Андижон вилоятининг Асака, Андижон ва Пахтаобод, Фарғона вилоятининг Фарғона, Самарқанд вилоятининг Нуробод туманлари ҳокимлари ишдан олинди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, Асака тумани ҳокими Мансурбек Алихонов ва Фарғона тумани ҳокими Шуҳратжон Мўминов ер муносабатларини тартибга солишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этмагани, фаолиятида йўл қўйган бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатлари учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Пахтаобод тумани ҳокими Элёрбек Усмонов ва Нуробод тумани ҳокими Шерали Йўлдошев раҳбарлик этикаси қоидаларига риоя этмагани учун, Андижон тумани ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев давлат хизматчиси этикасини бузган ҳолда фуқароларга нисбатан ҳурматсизлик қилгани учун ишдан олинди.

2020 йил сентябридан Асака тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Мансурбек Алихонов 2021 йил декабрида фуқаролар билан менсимаслик оҳангида гаплашгани тасвирга олинган видео ижтимоий тармоқларда тарқалган эди. Бунинг учун ҳокимининг матбуот котиби ишдан олинганди.

2021 йил февралидан бери Андижон тумани ҳокими сифатида ишлаб келган Абдужаббор Эгамбердиев эса 2022 йил августида қабулига келганларга пойгакдан жой бераётгани акс этган маълумотлар тарқатилгани ортидан ўзбекистонликлар орасида «машҳур» бўлиб кетган эди.

Қолган уч ҳокимнинг бу каби ҳаракатларни содир этгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда маълумотлар мавжуд эмас.