Ҳокимлардан маҳаллий кенгашга раҳбарлик ваколати олинди

Ўзбекистонда ҳокимларнинг маҳаллий кенгашларга раислик қилиши тақиқланмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 17 октябрь куни имзоланган маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига оид қонун ҳужжатларига ўзгартиш киритишга доир қонунда шундай талаб илгари сурилган.

Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан жорий йилнинг 23 июлида қабул қилинган, юқори палата 20 сентябрь куни уни маъқуллаган.

2023 йилда янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияга мувофиқ ишлаб чиқилган қонунга кўра, туман (шаҳар, вилоят) ҳокими ва халқ депутатлари кенгаши раиси лавозимлари бўлинди.

Ҳозирга қадар ҳокимлар ўз ҳудудида вакиллик ва ижро этувчи ҳокимиятни бир вақтнинг ўзида бошқариб келмоқда.

Халқаро ташкилотлар буни ҳокимиятнинг ўзаро тийиб туриш ва рақобат тамойилларига зид эканини айтиб келади.

Маълум бўлишича, бу ўзгариш вилоятлар ва Тошкент шаҳри кенгашлари ҳамда ҳокимлари учун жорий йил 27 октябридаги сайловидан кейин, туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда ҳокимлари учун эса 2026 йил 1 январидан эътиборан кучга киради.

Янги қонунда бир вилоят, туман, шаҳар ҳокими ё кенгаши раиси лавозимини икки йилдан ортиқ муддатда кетма-кет эгаллаш тақиқланишига оид банд ҳам мавжуд.

Ҳокимларнинг кенгаш депутати бўлиш ва шу орқали Сенат аъзолигига сайланиш ваколати қолдирилган. Шунингдек, уларга кенгашнинг қонунга зид қарорларини бекор қилиш учун Сенатга ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилмоқда.