Ҳолландияда AstraZeneca вакцинасидан фойдаланиш тўхтатилди

Ҳолландия расмийлари 14 март куни эмланаётганларда жиддий ён таъсир пайдо бўлиши мумкинлигидан хавотирланиб, коронавирусга қарши AstraZeneca вакцинасидан камида 29 мартгача фойдаланиш тўхтатилишини эълон қилдилар. Вакцина ишлаб чиқарган ширкатнинг ўзи препарат тромбоз пайдо қилиш хатарини ошириши мумкинлигига оид далил йўқлигини билдирди.

Ҳолландия ҳукумати якшанба кунги қарор Дания ва Норвегиядан келган хабарлар асосида қабул қилинганини билдирган.

13 март куни Норвегия соғлиқни сақлаш идоралари яқинда эмланган уч нафар тиббиёт ходими “қон кетиши ва тромбоз пайдо бўлиши туфайли” касалхонага ётқизилганини маълум қилишган.

14 март куни Ирландия ҳам мазкур вакцинадан фойдаланишни тўхтатишини эълон қилган.

Бу орада Италиянинг Пьемонт минтақаси расмийлари эмловдан ўтган маҳаллий ўқитувчи вафотидан кейин AstraZeneca вакцинасини қўллаш тўхтатилишини билдирган. Улар мазкур ўлим ва эмлов ўртасида алоқани кўрсатиб бериши бўлган текширув натижаларини кутаётганларини қайд этганлар.

Аввалроқ Исландия, Таиланд, Болгария каби мамлакатлар ҳам AstraZeneca вакцинасидан фойдаланиш бас қилинганини билдирганди.

Ўтган жума куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти AstraZeneca вакцинаси қатор беморларда тромблар пайдо бўлишига сабаб бўлганига ҳали исбот топилмагани учун мамлакатлар раҳбарларига мазкур препаратдан воз кечмасликни тавсия қилганди.