Human Rights Watch халқаро ташкилоти эълон қилган навбатдаги йиллик ҳисоботда Ўзбекистонда 2023 йилда инсон ҳуқуқлари вазияти сезиларли даражада ёмонлашгани қайд этилди.
Ҳисоботда йил давомида Ўзбекистонда блогерлар ва журналистларнинг жиноий таъқиб этилгани сўз ва фикр эркинлигига зарба бергани тилга олинади.
Ҳисоботда 2022 йилдаги Нукус воқеалари пайтида содир этилган инсон ҳуқуқларининг бузилиши юзасидан то шу кунгача одил судлов ўтказилмагани, ҳукумат бунга бефарқ қараётгани таъкидланади.
«Қонунчилик ислоҳ қилиниши тўғрисида берилган ваъдалар ортга сурилмоқда. Адлия вазирлиги мустақил ҳуқуқ фаоллари ташкил этмоқчи бўлган ташкилотларни рўйхатга олишдан бош тортмоқда. Ўзаро розилик асосидаги бир жинсли муносабатлар ҳалигача жиноят ҳисобланмоқда”, дейилади ҳисоботда.
Ташкилот 2023 йил апрелида Ўзбекистонда оилавий зўравонликка қарши жавобгарликни, аёллар ва қизлар ҳимоясини кучайтирувчи қонун қабул қилинганига қарамай, оилавий зўравонлик ҳолатлари камаймаганига эътибор қаратган.
Ҳисоботда 9 июлда ўтган президентлик сайлови демократик тамойилларга зид равишда ўтказилгани қайд этилади. Сайловни кузатган ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси “9 июлда муддатидан олдин ўтказилган президент сайлови техник жиҳатдан яхши тайёрланган, аммо унда чинакам рақобат бўлмади”, деган дастлабки хулосасини эълон қилган эди. АҚШ элчихонаси ҳам 10 июль куни тарқатган баёнотида ЕХҲТ ДИИҲБнинг "сайлов рақобатсиз муҳитда ўтгани ҳақидаги хулосаси"ни қўллаб-қувватлашини билдирганди.
Халқаро ташкилот ҳукумат сиёсий эркинликларни бузган ҳолда “Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” демократик партиясини расман рўйхатга олмаётганини, партия етакчиси Хидирназар Аллақулов ва фаолларга босим кўрсатаётганини тилга олган.