Хьюман Райтс Вотч (HRW) Ўзбекистон ҳукумати Қозоғистонда яшаётган қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратбай (Муратов)га нисбатан асоссиз жиноий айбловларни олға сурмоқда, деб ҳисоблайди. Халқаро ташкилотнинг бу борада 26 февраль куни баёнот тарқатди.
Баёнотда Қозоғистон ҳукумати бу “сохта айбловлар”ни рад этишга ва Муратбайни зудликда қамоқдан озод қилишга чақирилган.
“Муратбайга нисбатан Ўзбекистонда қўзғатилган жиноят иши ҳуқуқ фаолидан ўч олишга қаратилган ҳаракатдир”, - дейилади баёнотда.
Озодлик радиоси аввалроқ Олмаота шаҳар полиция департаменти матбуот хизмати 16 февраль куни қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратбай 15 февраль оқшомида қўлга олинганига оид маълумотни тасдиқлагани тўғрисида хабар берган эди.
Полиция баёнотида Бош прокуратура Қозоғистонда 10 йилдан ортиқ истиқомат қилаётган 35 ёшли Муратбайни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш масаласини кўриб чиқаётгани айтилган.
Қароргоҳи Венада жойлашган Freedom for Eurasia ташкилоти аввалроқ Қозоғистон расмийларини Ақилбек Муратбайни озод қилишга чақирган эди.
Ҳуқуқбонларга кўра, Ўзбекистон расмийлари сўровига биноан қўлга олинган Муратбай “жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш”да айбланмоқда.
26 февралда Озодлик Олмаота Бандлик ва ижтимоий дастурлар бошқармаси ҳозирда ҳибсда сақланаётган Ақилбек Муратбай (Муратов)га “Қозоғистонда бошпана излаётган шахс” гувоҳномасини бергани тўғрисида хабар берди.
Муратбайнинг адвокати гувоҳнома 2024 йил 23 майгача яроқли эканини айтди:
“Зарурат туғилса, гувоҳнома муддати яна уч ойга узайтирилиши мумкин. Қозоғистон қонунчилигига асосан, бундай гувоҳномага эга бўлган шахс мамлакатдан экстрадиция қилинмайди. Мазкур ҳужжат асосида Муратовга қочқин мақоми берилиши мумкин”, -деди адвокат.
Муратбай сўнгги бир ярим йилда Ўзбекистон сўрови билан Қозоғистонда ҳибсга олинган олтинчи қорақалпоқ фаолидир. Муратбайдан олдин қўлга олинган беш нафар қорақалпоқ фаол 2023 йил сентябрь ва ноябрь ойларида экстрадиция қилиниши кутилаётган шахсни қамоқда сақлаш муддати якунлани муносабати билан озод қилинган эди. Бу ҳақда Озодлик ўз вақтида хабарлар берган.
Улар Ўзбекистонга экстрадиция қилинмаган, аммо Қозоғистон ҳукумати уларга қочқинлик мақоми беришдан бош тортган.