Ўзбекистонда 2022 йили инсон ҳуқуқларига оид салбий трендлар қонун чиқариш соҳасидаги ислоҳотларда олға силжишнинг йўқлиги, сўз эркинлиги бўйича чекловлар сақланиб қолаётгани ва Қорақалпоғистондаги норозилик чиқишларининг аёвсиз бостирилиши кабиларда кўзга ташланган. Бу ҳақда Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг йиллик ҳисоботида айтилган.
Ҳисоботда ҳукумат ўтган йилнинг июнь ойида Конституцияга ўзгартишлар лойиҳасини тақдим этгани, тузатишлар орасида амалдаги президентга ҳар бири 7 йилдан бўлган яна икки муддатга қолиш имконини берадиган модда борлиги, Ўзбекистондаги сиёсий тизим ҳалигача авторитар бўлиб қолаётгани урғуланган.
HRW ҳисоботида камида 21 киши ўлимига ва 270 дан зиёд одамнинг яраланишига сабаб бўлган Нукус воқеаларига алоҳида тўхталинган. Халқаро ташкилот Қорақалпоғистонда ўтган йилнинг 1-2 июль кунлари содир бўлган воқеалар чоғида ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари томонидан тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганини, бунинг натижасида кўплаб одам жиддий жароҳатлар олгани ёки асоссиз қурбон бўлганини таъкидлаган. Ҳодисалар ортидан намойишларга биринчи бўлиб чақиргани айтилаётган фаол Даулетмурат Тажимуратов дохил 500 дан зиёд одам қўлга олинган.
Human Rights Watch Нукус воқеаларини ўрганиш бўйича 15 июль куни омбудсмен бошчилигида парламент комиссияси тузилгани, бироқ комиссия таркиби унинг ҳақиқатан ҳам мустақил деб эътироф этишга имкон бермаслигини қайд этган.
HRW вакиллари 2022 йилда ҳам сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият ёмонлашгани манзарасида Ўзбекистонда блогерларни қамаш амалиёти давом этгани, журналистлар таъқиб объектига айланишда давом этганлари, Нукус воқелари чоғида эса интернетга чеклов жорий қилинганига эътибор қаратишган.
Ҳисоботда расмийларнинг фуқаролик жамияти ривожига, хусусан, мустақил ННТлар ишига тўсқинлик қилаётгани ҳамда сиёсий сабабларга кўра қамалганларнинг тўла оқланиши учун шароит яратмагани урғуланган.
Ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистондаги диний эркинлик ҳамда “экстремизм”га қарши кураш, аёллар ҳуқуқлари, жинсий ориентация, мажбурий меҳнат каби жабҳалардаги муаммоларга ҳам тўхталишган.