Ўзбекистонда маҳаллий расмийларнинг коррупцияга аралашган-аралашмаганини ўрганган мустақил блогер Отабек Сатторийнинг қамалиши ҳақида суд томонидан чиқарилган ҳукм Ўзбекистонда сўз эркинлигига қарши зарба ва маҳкама хатоси бўлиб ҳисобланади. Бу ҳақда Human Rights Watch халқаро ташкилоти томонидан 11 май куни ёйинланган баёнотда айтилган.
10 май куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди Ўзбекистон Жиноят кодексининг бир неча моддаларида айбдор деб топилган блогер Отабек Сатторийни олти ярим йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарганди.
HRW ўз баёнотида блогерга нисбатан очилган жиноят иши, унга нисбатан қўйилган айбловлар шубҳали эканини урғулаган. Ташкилот блогернинг адвокати Умид Давлатовнинг сўзларига таянган ҳолда Сатторий ўзига қўйилган айбловларни тан олмагани ва суд ҳукми юзасидан шикоят аризаси киритмоқчи эканини қайд этган.
HRW вакилларига кўра, Ўзбекистон раҳбарияти, жумладан президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотлар марказига инсон ҳақларига ҳурмат тамойили қўйилаётганини баралла айтиб келмоқда, аммо бу ўринда амаллар сўзларга зид келмоқда.
Ҳуқуқ фаоллари қайдича, номақбул блогернинг қамоққа йўлланиши бугунги кунда Ўзбекистонда сўз эркинлиги учун қатағон муҳити мавжудлигига оид ҳақиқатни очиб ташлаган.
Отабек Сатторийнинг қамалиши аввалроқ Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) ва Чегара билмас мухбирлар каби халқаро ташкилотларда ҳам норозилик уйғотган эди.