“Қорақалпоғистонда 18 киши ҳалок бўлиб, 240 дан ошиқ одам жароҳатланган ғалаёнлар очиқ ва мустақил текширилиши керак”, деб баёнот берди Human Rights Watch (HRW) халқаро ташкилоти.
Ташкилотнинг минтақавий директори Ҳю Уилямс: “Ўзбекистон ҳукумати эндиги жараёнларга қандай ёндашиши президент Шавкат Мирзиёев учун синов. Мамлакат қанчалик олға силжиганини ҳукумат инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини нақадар ҳурмат қилишидан билиб оламиз",- деб айтган.
HRW баёнотида Нукусдаги тартибсизликлар ва тўқнашувлар тафсилотлари ноаниқ қолаётганига, жумладан, ҳукумат мазкур минтақада интернет алоқасини узиб қўйгани сабаб бўлаётгани қайд этилади.
“Бундан ташқари воқеаларни ёритган журналистлар қўлга олингани ва таъқиб қилинаётгани тўғрисида маълумотлар мавжуд”, - дейилади баёнотда.
Ташкилот, шунингдек, Ўзбекистонда мустақил суд тизими йўқлигини, куч ишлатар тузилмаларда эса маҳбусларни қийноқларга солиш ҳолатлари кенг тарқалгани ва бундай ҳолатлар камдан кам ҳолатлардагина тергов қилинишини таъкидлайди
HRW Ўзбекистон ҳукуматини Қорақалпоғистонда интернет алоқасини зудликда тиклашга, журналистларни таъқиб қилишни тўхтатишга чақирган.
Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистон расмийларини Нукусдаги воқеалар юзасидан холис тергов ўтказишга чақирган эди.
Аввалроқ Озодлик Европа Иттифоқи Қорақалпоғистонда рўй берган қонли воқеаларни очиқ ва мустақил тергов қилишга чақиргани ҳақида хабар қилган.
Қорақалпоғистонда Ўзбекистон конституциясига киритилиши таклиф этилаётган ўзгартишларга қарши оммавий норозилик чиқишлари 1 июль куни бошланиб, 2 июль оқшомида хавфсизлик кучлари намойишчиларни тарқатиши ортидан поёнига етган. Ўзбекистон расмийлари маълумотига кўра, тартибсизликлар чоғида 18 киши қурбон бўлган, 38 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Норозилик намойишлари ортидан 516 киши қўлга олинган.