Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қозоғистон расмийларини мамлакатда қўлга олинган тўрт нафар қорақалпоғистонлик фаолни Ўзбекистонда экстрадиция қилмасликка чақирди.
HRW қайдича, қорақалпоғистонлик фаоллар Ўзбекистонда сиёсий сабабга кўра жиноий таъқибга дучор бўлишлари ва қийноққа тутилишлари мумкин. Шу важдан ташкилот қозоқ расмийларидан “тез орада” Қошқарбай Торемуратов, Жангелди Жақсимбетов, Раиса Худайбергенова ва Зиуар Мирманбетовани бошпана изловчи шахс сифатида расман рўйхатга олишни сўрамоқда.
“Тўртовлоннинг ҳаммаси Қозоғистонда кўп йиллардан бери яшаб, Ўзбекистон шимолидаги Қорақалпоғистон Республикасининг суверен мақоми ҳимояси учун чиқишлар қилиб келишган”, дейилган HRW томонидан 15 октябрь куни тарқатилган баёнотда.
“Афтидан, Ўзбекистон расмийлари фаолларни Қорақалпоғистонда июль ойида бўлиб ўтган норозилик чиқишларининг аёвсиз бостирилиши доирасида таъқиб қилмоқдалар. Ўзбекистонга мажбуран қайтарилган тақдирда, бу фаолларга қийноққа тутилиш ва сиёсий сабабларга кўра жиноий таъқиб жиддий хавф солмоқда, бу вазиятда уларни бериб юбориш эса Қозоғистон учун халқаро ҳуқуқий тақиқни бузиш бўлиб ҳисобланади, шунинг учун ҳам расмийлар уларни экстрадиция қилишдан бош тортиб, фаолларни озод қилишлари лозим”, деган Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Мира Риттман.
Қошқарбай Торемуратов ва Жангелди Жақсимбетов 13 сентябрь оқшомида уйидан олиб кетилган. Раиса Худайбергенова 16 сентябрь куни, Зиуар Мирманбетова эса 4 октябрь куни қўлга олинган. Олмаотадаги қорақалпоқ диаспораси вакиллари фаолларни қўлга олиш чоғида ўзбекистонлик куч ишлатар тузилмалар ходимлари иштирок этишганини маълум қилишган. Уларга ЖКнинг қайси моддалари бўйича айблов қўйилаётгани очиқланган эмас. Олмаота суди уларни 40 кун ҳибсда сақлаш тўғрисида қарор чиқарган. Ўзбекистон Қозоғистонга бу одамларни экстрадиция қилиш тўғрисида талабнома йўллаши тахмин қилинмоқда.
HRWнинг Қозоғистон инсон ҳуқуқлари бюросидан олинган маълумотга таянган ҳолда билдиришича, қўлга олинган қорақалпоғистонлик фаолларнинг ҳаммаси ўзларига Қозоғистондан бошпана берилишини сўрашган. Ҳуқуқ фаолларига кўра, уларга “бошпана изловчи шахс” мақоми берилиши билан қозоғистонлик расмийлар қонунга мувофиқ равишда уларни мажбуран Ўзбекистонга жўнатолмай қолади.
Қозоғистонлик мулозимлар қорақалпоғистонлик фаолларнинг қўлга олиниши юзасидан расмий изоҳ берганларича йўқ.
Июль ойининг бошида Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистон мақомининг ўзгартирилишига қарши оммавий норозилик чиқишлари хавфсизлик кучлари томонидан бостирилганди.
Ўзбекистон расмийлари берган маълумотларга кўра, 1-2 июль кунлари Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари чоғида 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Бунинг ортидан 500 киши қўлга олинган.
Фаоллар норозилик чиқишлари чоғида қўлга олинганлар қийноққа солинаётганини иддао қилишмоқда.