Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Марказий Осиё мамлакатлари лидерлари билан учрашувда инсон ҳуқуқлари мавзусини кўтариши лозим. Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ана шундай баёнот билан чиқди. Ҳуқуқбонлар фикрича, Германия Марказий Осиё давлатларидан ҳуқуқ устуворлиги ва инсон ҳуқуқларининг тамал стандартларига риоя қилиниши юзасидан кафолат олишга ҳаракат қилиши керак.
HRW томонидан 28 сентябрь куни ёйинланган баёнотда Берлиндаги учрашувнинг асосий мавзуси муҳтамалан Россиянинг Украинага босқинидан сўнг Марказий Осиёдаги вазият бўлиши айтилган.
“Германия Марказий Осиё мамлакатларини Москвага ғарб санкцияларини айланиб ўтишда ёрдам беришдан бош тортишга чақириши кутилмоқда”, деган Human Rights Watch ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хью Уильямсон. Унга кўра, Германия расмийлари Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ мураккаб вазият юзасидан минтақа мамлакатлари раҳбарларига босим ўтказиш имкониятини қўлдан бой бермаслиги лозим.
HRW Берлинни Марказий Осиё президентлари билан учрашувда уларга минтақа ҳукуматлари Европа билан узоқ муддатли ҳамкорлик қила олиши учун инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигига риоя қилинишини таъминлаш зарурлигини эслатишга чақирган.
“Марказий Осиё давлатларида сиёсий сабабларга кўра таъқиблар, сўз эркинлигининг бўғилиши, қийноқ қўллаганлик учун жазосиз қолиш каби кўплаб ҳолатлар бор”, дея қайд этган Хью Уильямсон. Бунга мисол ўлароқ у Қозоғистон ва Ўзбекистонда ўтган йили кузатилган норозилик чиқишлари, оқибатда 250 дан зиёд киши ўлганини келтирган. HRW дунёдаги энг ёпиқ мамлакат бўлган Туркманистон, мухолифатчилар қувғинга учраган Тожикистон ва мустақил ОАВга босим ўтказилаётган Қирғизистондаги вазиятларни ҳам танқид қилган.
Хью Уильямсон қайдича, Россиянинг Украинага бостириб киришининг оғир оқибатлари Марказий Осиё раҳбарларини ЕИ мамлакатлари дохил бошқа ҳамкорлар билан алоқаларни ривожлантиришга мажбур қилган. Унга кўра, Европа мамлакатлари Марказий Осиё билан ҳамкорликни минтақа фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилинишини ҳисобга олган ҳолда кенгайтириши лозим.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев дохил Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари 29 сентябрь куни Германия федерал президенти билан “5+1” форматида учрашув ўтказмоқда. Бу ҳақда Озодлик аввалроқ ўз видеоёйинлари орқали хабар қилган. Таҳририятимиз Берлиннинг “Бельвью” саройидаги учрашув ва бошқа тадбирлар тафсилотлари билан муштарийларни кун давомида таништириб боради.