Хьюман Райтс Вотч (HRW) халқаро ташкилоти Қирғизистон ҳукуматини “Сапат” таълим тизими президенти Ўрхон Инандининг бедарак йўқолиш воқеасини диққат билан тергов қилишга чақирди. Халқаро ташкилот фикрича, Инанди Туркияга мажбурий равишда олиб чиқиб кетилган бўлиши мумкин.
“Туркияда уни ноинсоний муносабат ва қийноқлар, адолатсиз суд жараёни кутмоқда”,-дейилади 9 июнда тарқатилган баёнотда.
HRW Туркия ва Қирғизистон фуқароси бўлган Ўрхон Инанди “АҚШда яшовчи уламо Фатҳуллох Гулан асос солган ҳаракатга алоқадорликда гумонланиб” таъқиб қилинаётган бўлиши эҳтимол деб ҳисоблайди.
Сўнгги беш йилдан бери Туркия Қирғизистондан бир неча маротаба гуланчиларга алоқадор деб гумонланадиган ташкилотлар ва шахслар, жумладан, “Сапат” таълим тизимини тугатишни талаб қилиб келган.
Анқара Фатҳуллох Гуланни 2016 йилда амалга ошмай қолган давлат тўнтаришини режалаштирганликда гумонлаб келади. Гулан эса бу айбловни рад этган.
Қирғизистондаги “Сапат” таълим тизими президенти бўлган 53 ёшли Инанди 31 май куни тунда йўқолган. Уни қидириш ишлари давом этмоқда.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Инандини қидириб топиш учун ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик қўмитасига қўшимча кучларни жалб қилиш тўғрисида кўрсатма берган.
Мавзуга алоқадор Туркиянинг Бишкекдаги элчихонаси Ўрхон Инанди элчихонада ҳибсда сақланаётганини рад этди