“Ҳудудгазтаъминот” ҳаво совиши билан газ қуйиш шохобчалари фаолиятида чекловлар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди

“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти ҳафта охирида ҳаво ҳарорати пасайиши муносабати билан аҳолини Ўзбекистон бўйлаб метан қуйиш шохобчаларида иш графиги ўзгариши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Хабарномасида 16-18 февраль кунлари об-ҳаво кескин ўзгариб, ҳарорат кундузи -8, кечаси эса -16 даражагача совиши кутилаётганини эслатган “Ҳудудгазтаъминот” газ тўлдириш шохобчаларида навбат ва ноқулайликлар юзага келишини олдини олиш мақсадида ҳайдовчилардан ўз автомобилларини ёнилғи билан таъминлаб олишни сўраган.

Корхона ҳозирда Ўзбекистондаги барча АГТКШлар 24 соатлик режимда фаолият юритаётгани, “бироқ яқин орада маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда уларнинг иш графигига ўзгартиришлар киритилиши мумкин”лигини қайд этган.

“Ҳудудгазтаъминот” фуқаролардан табиий газдан оқилона фойдаланиш, уйдан чиқиб кетаётганда имкон қадар иситиш жиҳозларини ўчиришни, газ жиҳозлари ишлаб турган хоналарда дам олмаслик, чироқни ёқишдан олдин газ ҳиди йўқлигига ишонч ҳосил қилгандан кейингина газдан фойдаланишни сўраган.

Аввалроқ Озодлик Ўзгидромет маълумотига таянган ҳолда 16 февралдан эътиборан Ўзбекистонда ҳарорат пасайиши кутилаётгани ҳақида хабар қилган эди.