Ўзбекистон давлат телевидениесининг Yoshlar канали Тошкентда ноқонуний диний таълим бериб келган ҳужралар аниқлангани ҳақида лавҳа намойиш этди.
14 декабрь куни Yangi Davr дастурида намойиш этилган лавҳада айтилишича, тезкор тадбирлар давомида фош этилган учта ҳужрадан “ёғоч калтак, пичоқ, пневматик қуроллар топилган”.
Ўз уйларида ҳужра ташкил этгани айтилган уч нафар шахснинг “қўл телефонларида диний экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотлар ғоявий раҳнамоларининг ҳижрат ва жиҳодга чорловчи аудио ва видео материаллар борлиги аниқланган”.
Жами 33 нафар бола ноқонуний диний сабоқ олиб келган ҳужраларда “талабалар мунтазам калтакланиб, оч қолдириш орқали жазоланган”и айтилади.
Лавҳада намойиш этилган видеода катта ёшдаги одам ёш болани тепкилаётгани акс этган. Унда болалардан баъзиларининг калтакдан моматалоқ бўлган бадани кўрсатилади.
Улардан бири “пилесос шнури билан 15-17 дарра урилгани”ни айтган, бошқаси “ўзларига бириктирилган болаларга қарамагани” учун дўппослангани ҳақида гапиради.
Лавҳада ҳужраларга рейднинг қачон ва қаерда ўтказилгани, ноқонуний диний таълим ўчоқлари қанча муддат фаолият олиб боргани ва болаларнинг кейинги тақдири ҳақида маълумот берилмаган.
Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов Озодлик билан мулоқотда видеолавҳанинг ИИВ матбуот хизмати томонидан тайёрланганини билдирди, айни пайтда “тергов манфаатлари” важидан тезкор тадбир қачон ва қаерда ўтказилгани ҳамда унинг бошқа тафсилотларини очиқлай олмаслигини айтди.
ИИВ матбуот котиби ҳужралар пойтахтнинг бир неча туманида фаолият олиб борганини айтиш билан чекланди.
Унга кўра, ҳозирда Тошкент шаҳар ИИББ томонидан лавҳада намойиш этилган ҳолатлар бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистонда хусусий тартибда диний таълим бериш тақиқланган.
Шу йилнинг 19 августида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайтида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси (янги таҳрири) жойлаштирилди.
Унда хусусий диний таълимга чеклов сақланиб қолган, аммо ота-оналарнинг ўз болаларига “диний амалиёт ва одоб-аҳлоқ асосларини ўқитиши”га рухсат берилган.