Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомитдинов бошчилигидаги йиғилишдан кейин уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Солиев ва транспорт вазири ўринбосари Даврон Деҳқонов ишдан олинган, қурилиш вазири Ботир Зокировга огоҳлантириш, транспорт вазирининг яна бир муовини Абдураҳмон Абдувалиевга эса ҳайфсан берилган.
Газета.уз нашрининг ҳукуматдаги ўз манбасидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилишича, президент топшириғига асосан 4 январь куни Вазирлар маҳкамасида бош вазир ва президент администрацияси раҳбари раислигида ўтказилган мажлисда бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилик қиладиган Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари комплексига кирувчи вазирликлар ва хўжалик субъектлари раҳбарлари қатнашганлар.
Мазкур комплексга Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Автомобил йўллари қўмитаси, Uzbekistan Airways АЖ, Uzbekistan Airports АЖ, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ, “Ўзшаҳарқурилишинвест” МЧЖ ва бошқа ширкатлар киради.
“Танқидий руҳда ўтган йиғилиш якунлари бўйича президентга ахборот берилган. Бунга асосан давлат раҳбари 5 январь куниги фармони билан уй-жой коммунал хўжалик вазири Музаффар Солиевни ишда йўл қўйган хато-камчиликлари, берилган огоҳлантиришлардан тегишли хулоса чиқармагани учун лавозимидан озод қилган. Бундан ташқари, президент Автомобил йўллари қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиевга ҳайфсан эълон қилди ҳамда қурилиш вазири Ботир Зокировга огоҳлантириш берди”, деган Газета.уз манбаси.
Кун.уз нашри эса ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда, мазкур йиғилишдан кейин Транспорт вазири ўринбосари Даврон Деҳқонов ишдан бўшатилгани ҳақида хабар қилган.