Ҳукумат Тошкентнинг бош режасини тасдиқлади

Янги Тошкент лойиҳаси (иллюстратив сурат)

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 24 декабридаги қарори билан Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, бош режани икки босқичда амалга ошириш мўлжалланган бўлиб, биринчи босқич 2030 йилгача, иккинчи босқич эса 2045 йилгача бўлган даврни ўз ичига олади.

Бош режадан мақсад Тошкентда қурилишни комплекс режалаштириш, лойиҳалаштириш сифатини ошириш ҳамда шаҳар инфратузилмаси ва меъморий-лойиҳавий қиёфасини яхшилашдан иборатлиги айтилган.

Режада қурилиш ишларининг барчаси ҳудудлар мастер-режаларининг тасдиқланган лойиҳаларига мувофиқ бўлиши лозимлиги кўзда тутилган.

Ҳужжат билан Тошкент ва унинг атрофидаги яшил ҳудудларни уч карра кўпайтириш, жамоат транспорти тармоғини кенгайтириш, жумладан, метробус йўналишлари ташкил этиш, электр энергияси, сув ва оқова инфратузилмасини яхшилаш кўзланмоқда.

Бош режани ишлаб чиқиш президент Мирзиёевнинг ўтган йил сентябридаги фармони билан рухсат этилганидек соддалаштирилган форматда амалга оширилган.

Бош режа бўйича шаҳар ҳудудлари учта зонага: консервация, реконструкция ва реновация зоналарига бўлишини назарда тутилган.

Аввалроқ консервация зонасида маданий мерос бинолари, тарихий жойлар, уйлар ва яшил ҳудудлар ўзгаришсиз қолиши, реконструкция зонасида мастер-режалар асосида қўшимча қурилишлар қилиш мумкин бўлиши, реновация зонасида эса эскирган уй-жой, бинолар ўрнида янги қурилиш ва таъмирлаш амалга оширилиши айтилган эди.

Ҳужжатда пойтахт ҳокими бош режанинг амалга оширилиши бўйича Вазирлар Маҳкамасига ҳар чоракда ҳисобот топшириб туриши шартлиги қайд этилган.

Пойтахт янги бош режасининг икки йилдан буён ишлаб чиқилмай ва тасдиқланмай қолаётгани мамлакат жамоатчилиги томонидан танқид қилиниб келаётган эди. Фаоллар Тошкент шаҳри ҳавосининг мисли кўрилмаган даражада ифлослангани, инфратузилма кучли зўриқишга дучор бўлгани, тирбандликлар ошгани, бир-биридан баланд уйлар қурилиши пойтахт аҳолисини қийин аҳволга солаётганидан шикоят қилишган.

Президент Мирзиёев ўтган йил февралида Тошкент шаҳри жамоатчилик вакиллари ва мутасаддилар иштирокида ўтказилган йиғилиш чоғида шаҳарнинг бош режаси тасдиқланмагунича, пойтахтда янги қурилишларга мораторий эълон қилинишини билдирган. Ўша йиғилишда у қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани, яшил майдонлар ташкил қилиш ишлари қурилишлар билан ҳамоҳанг олиб борилмаётганини танқид қилган эди.