Ўзбекистонда куни кеча Вазирлар Маҳкамасининг 2000 га яқин ҳужжати ўз кучини йўқотишни назарда тутувчи ҳукумат қарори қабул қилинган.
Адлия вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, мамлакатда бир масала юзасидан бир нечта ҳужжатларнинг мавжудлиги фуқаролар ҳаёти ва тадбиркорлар фаолиятида қатор муаммоларни келтириб чиқаряпти.
Вазирлик мазкур ҳужжатнинг қабул қилинишини бир неча сабаб билан изоҳлаган:
биринчидан, фуқаролар ва тадбиркорлар муайян масала бўйича айнан қайси ҳужжатга амал қилиши кераклиги юзасидан саволларни туғдирмоқда, натижада масалани тушуниш ва унга ҳуқуқий ечим топиш учун юзлаб ҳужжатларни кўриб чиқишга тўғри келмоқда;
иккинчидан, ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишда ва ҳуқуқшунос хизматлари билан боғлиқ сарф-харажатларнинг ортишига сабаб бўлмоқда;
учинчидан, ҳужжатлар ўртасида зиддиятлар, такрорланишларни келтириб чиқармоқда ва натижада ҳужжатларни амалиётда қўлланилишида қийинчиликлар келиб чиқмоқда.
“Бу каби муаммоларнинг долзарблигини инобатга олган ҳолда Адлия вазирлиги томонидан барча соҳаларда қонунчиликни тизимлаштириш орқали қонунчилик базасини қисқартириш ёки бошқа сўз билан айтганда кесиб ташлаш (“тартибга солувчи гильотина” усули орқали) ишлари самарали йўлга қўйилган”, дейилган вазирлик хабарномасида.
Шулардан келиб чиққан ҳолда, Адлия вазирлигининг таклифлари асосида ўтган йили ҳам 500 га яқин ҳужжатни бекор қилишни назарда тутувчи президент фармони қабул қилинганди.