Humo тўлов тизими 65 миллион долларга Paynet АЖга сотилди

Иллюстратив сурат

“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ (HUMO тўлов тизими) 65 миллион АҚШ долларига сотилган. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Агентлик хабарномасида ўтган йил 30 сентябридаги эълонга мувофиқ HUMO тўлов тизимини сотиб олиш бўйича уч талабгордан таклиф келиб тушгани ҳамда энг юқори харид баҳосини (65 млн доллар) таклиф қилган “Paynet” АЖ савдо ғолиби деб топилгани қайд этилган.

Хабарномада талабгор келгусида “Миллий банклараро процессинг маркази” АЖга тегишли Humo тўлов тизимини барқарор ва узлуксиз ишлашини таъминлашга қаратилган қўшимча тадбирларни амалга ошириш бўйича мажбуриятларни, шунингдек, тизим фойдаланувчиларининг конфиденциал (шахсий ва банк) маълумотларини ҳимоя қилишни зиммасига олгани қўшимча қилинган.

Humo тўлов тизими Ўзбекистон тўлов тизимининг таркибий қисми ҳисобланади. Устав капитали 155,4 миллиард сўмни ташкил этувчи тизим 27 миллиондан кўпроқ карта чиқарган, 210 мингдан ортиқ терминал ва 6,4 мингдан зиёд банкомат ўрнатган.

Paynet эса Ўзбекистон молиявий технологиялар соҳасида анча йиллардан бери фаолият юритиб келаётган энг йирик тўлов операторларидан бири бўлиб ҳисобланади. Мазкур тўлов тизими йилига 20 миллиондан зиёд фойдаланувчига хизмат кўрсатади.

Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров Humo’ни сотиб олган Paynet АЖ бир йил муқаддам “яширинча хусусийлаштирилган”ига эътибор қаратган.

“65 миллион кўпми ё камми деганлар учун, масалан, бу сумма Humo’дан кичикроқ бошқа тўлов тизимининг 2 йиллик фойдаси. Айтгандек, кучли талабгорлар ўйиндан чиққач, Humo’ни айнан 60-80 миллион долларга “баҳолаб беришганди”. Бир сўз билан айтганда, Humo’нинг “хусусийлаштирилиши” ички ва ташқи инвесторлар учун навбатдаги қизариб кетган лакмус қоғози бўлди”, деб ёзган Отабек Бакиров.