Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланадиган тўртта ташкилот жорий ҳафтада Қозоғистон ва Ўзбекистонга сафар қилмоқчи бўлган Европа кенгаши раиси Шарль Мишелдан бу мамлакатлар лидерлари билан учрашув чоғида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги “долзарб масалалар”ни кўтаришни сўради. 25 октябрь куни ёйинланган баёнотда муаллифлар Мишелни инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият юзасидан “ЕИ сезиларли даражада олға силжишни кутаётганига оид сигнал бериш”га чақиришган.
Мазкур баёнот Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR), Қозоғистон инсон ҳуқуқлари бюроси, “Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси (AHRCA) ҳамда Туркманистон инсон ҳуқуқлари ташаббуси каби ташкилотлар томонидан имзоланган.
Унда ноҳукумат ташкилотлари Европа кенгаши раҳбаридан Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда жорий йилда кузатилган йирик инқирозлар чоғида “инсон ҳуқуқлари жиддий равишда бузилганини текшириш бўйича ошиғич, холис ва самарали чоралар” кўрилишига ҳамда бу ҳуқуқбузарликлар айбдорларини жавобгарликка тортилишига эришишни сўрашган.
Қайд этилишича, Қозоғистонда, Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилоятида ва Ўзбекистон таркибидаги Қорақалпоғистон автоном республикасида “номаълум сабабларга кўра бу мамлакатларнинг расмийлари сиёсатига қарши тинч норозилик акциялари куч ишлатар тузилмалар ходимлари ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувларга айланиб кетган”.
Бунинг натижасида эса, ҳуқуқ фаолларига кўра, “анчагина одам” нобуд бўлиб, янада кўпроқ киши жароҳатланган, тегишли мамлакатлар расмийлари эса “норозилик акциялари ва тартибсизликларни бостириш учун кескин чоралар”ни қўллашган.