Ҳуқуқбон Валентина Чупикнинг оғир бетоб онаси яшаётган уйда тинтув ўтказилди

Валентина Чупик

Россия расмийлари мамлакатдан бадарға қилмоқчи бўлаётган ҳуқуқбон Валентина Чупикнинг оғир касал онаси яшаётган уйга 27 сентябрь куни полиция келган. Бу ҳақда Чупикнинг ёрдамчиси Александр Ким маълум қилди.

Унинг айтишича, полициячилар ҳуқуқбоннинг Москва вилоятидаги квартирасига бориб, Чупикнинг ҳужжатларини талаб қилганлар. Квартирада Чупикнинг хасталикдан ётиб қолган 84 ёшли онаси бўлган. Эшик ҳамшира келиши учун очиқ қолдирилган бўлган.

Валентина Чупик 25 сентябрь куни Арманистондан қайтганида Шереметьевода қўлга олингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. У ҳамон аэропорт ҳибсхонасида сақланмоқда. Ҳуқуқбон ҳузурига адвокат киритилмаяпти ва унинг процессуал мақоми маълум қилинмаяпти. ФХХ Чупикка Россияга келиши 30 йил муддатга тақиқлангани ҳақидаги хабарномани топширган. Ўзбекистон фуқароси бўлмиш Чупик қочқин мақомидан маҳрум қилинган.

Қийноқларга қарши қўмита Чупикнинг қўлга олиниши ва Россиядан бадарға қилиниши эҳтимоли масаласида зудлик билан Европа судига мурожаат қилган. Мурожаатномада Страсбург судидан 39-қоидани қўллаган ҳолда, Россия ҳукумати зиммасига Чупик ёнига адвокатини киритиш ва уни депортация қилмаслик мажбуриятини юклаш сўралган.

Ҳамкасблари фикрича, Ўзбекистонга йўлланган тақдирда ҳуқуқбон қийноққа солиниши ва таъқиб қилиниши мумкин.

Валентина Чупик Россияга 2005 йили Андижон воқеаларидан сўнг кўчиб кетган. У асос солган “Тонг жаҳони” нотижорат ташкилоти асосан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг тазйиқларига дуч келган мигрантларга бепул юридик ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади.

РБК агентлигига берган интервьюсида Чупик кучишлатар идоралар ходимлари унга “ИИВдаги коррупция ҳақида ниҳоятда кўп гапирдингиз ва мигрантлар ноқонуний қўлга олингани устидан ҳаддан ортиқ шикоят қилдингиз” дея очиқ айтишгани тўғрисида сўзлаб берган.