Россия президенти Владимир Путин 2 сентябрь куни Мўғулистонга етиб борган. Бу ҳақда Россия ахборот агентликлари хабар қилишди.
Аввалроқ Путин СССР ва Мўғулистон қўшинларининг Халхин-Гол дарёсида Япония Қуролли кучлари устидан биргаликдаги ғалабасининг 85 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этиш учун 3 сентябрь куни Мўғулистонга сафар қилажаги хабар қилинганди. Уни Мўғулистонга мамлакат президенти Ухнаагийн Хурэлсух таклиф қилган.
Бу Путинни ҳибсга олиш ҳақида Халқаро жиноят суди (ХЖС) томонидан ордер берилган ўтган йилнинг март ойидан буён унинг Рим статутини ратификация қилган мамлакатга илк сафаридир. Россия президенти украиналик болаларни Киев назорати остида бўлмаган ҳудудга ноқонуний равишда олиб чиқиб кетганликда айбланмоқда.
Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг сафар арафасида ёйинлаган баёнотида Мўғулистон ё Владимир Путинни мамлакатга киритишдан бош тортиши, ёхуд у мамлакатга кириб келган тақдирда, Халқаро жиноят суди ордери асосида уни ҳибсга олиши лозимлиги айтилган.
Ҳуқуқбонлар, агар Мўғулистон Путиннинг мамлакатга сафар қилишига имкон берса ва уни ўша ерда ҳибсга олмаса, халқаро ХЖСга аъзо мамлакат ўлароқ ўз халқаро мажбуриятларини бузишини қайд этишган. HRW вакилларига кўра, Путинни қабул қилиш Россия кучлари жиноятларининг кўплаб қурбонлари хотирасини ҳақоратлабгина қолмай, қонун устуворлигининг энг муҳим принципига ҳам путур етказади.
Bloomberg агентлиги маълумотига кўра, Улан-Батор Путинни мамлакатга келган пайтда қўлга олинмаслигига ишонтирган.
Мўғулистон ХЖСга 2003 йилда аъзо бўлган. Келишувга кўра, мамлакат суд билан ҳамкорлик қилишга, шу жумладан ўз ҳудудига кираётган ҳар қандай гумонланувчини ҳибсга олиб, ХЖСга топширишга мажбур.
Human Rights Watch ўтган йил августида Путин БРИКС лидерларининг Жанубий Африкадаги йиллик саммитига бориши керак бўлгани, пировардида Россия президентининг ХЖС юрисдикциясини тан оладиган бу мамлакатга сафари бекор қилинганини эслатган.
Ҳуқуқбонлар иддаосига кўра, Путин сафари Мўғулистон ХЖСни дастаклашдан бош тортганини ҳам англатади.
Бу орада Урушга қарши ҳуқуқбонлик коалицияси ҳам Change.org платформасида Мўғулистон расмийларини Путинни қўлга олишга чақирган. Ҳужжатни имзолаганлар орасида россиялик мухолифатчи Владимир Кара-Мурза, филантроп Борис Зимин, актёр Артур Смольянинов, журналист Евгений Киселёвлар бор.
“Агар сиз бу иш амалга оширсангиз, Мўғулистон бирданига уч мамлакатни – Украина, Беларусь ва Россияни озод қилган бўлади. Бу мамлакатларда одамларнинг азоб-уқубатига чек қўйилади, сиз эса ўзингизни халоскор шон-шуҳратига абадиян буркайсиз”, дейилган петицияда.
Путин Халқаро жиноят суди томонидан ҳибсга олиниши учун ордер берилган амалдаги давлат раҳбарларининг учинчиси бўлиб ҳисобланади. Бунгача ХЖС 2008 йили Судан президенти Умар ал-Баширга, 2011 йили эса Ливия лидери Муаммар Қаддофийга нисбатан ордер берилган эди.