Ҳуқуқбонлар Марказий Осиё расмийларини қийноққа қарши курашишга чақиришди

Олмаотадаги мотам митингида ёйилган плакат (архив сурати)

Халқаро қийноқ қурбонларини дастаклаш куни бўлган 26 июнда бир неча ҳуқуқбонлик ташкилоти Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматларини қийноқ ва аёвсиз муомалага барҳам бериш учун конкрет чора-тадбирлар қабул қилишга чақирди.

Қозоғистон ва Тожикистондаги қийноқларга қарши коалиция, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси (AHRCA, қароргоҳи Францияда), Туркманистон инсон ҳуқуқлари ташаббуси (қароргоҳи Австрияда), Инсон ҳуқуқлари бўйича Хельсинки жамғармаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик каби ташкилотлар ўз қўшма баёнотида Марказий Осиёнинг беш мамлакатида қийноқлар кенг ёйилгани ва жазосиз қолаётганини таъкидлашган.

“Сиёсий сабабларга кўра қўлга олинган маҳбусларни қийноққа солиш муаммоси айниқса долзарб бўлиб турибди. Мамлакатлар қонунчилигида қоғозда ижобий ўзгаришлар бўлаётганига қарамай, амалда Марказий Осиё давлатлари мазкур муаммо билан курашиш учун етарли чора кўрмаяптилар”, деб ҳисоблашади ҳуқуқбонлар.

Улар Қозоғистонда 2022 йилдаги Январь воқеаларидан сўнг қийноқлар бўйича юзлаб шикоят келиб тушгани, бироқ бу шикоятлар бўйича жиноят ишларининг аксарияти ёпилгани, айбдорлар эса топилмаганини қайд этишган. Ҳуқуқ фаоллари расмийлар томонидан ўтказилган терговлар халқаро стандартларга жавоб бермаганини айтишган.

Ҳуқуқбонлар ўз баёнотларида Қирғизистонда “Кампиробод иши” ва Temirov Live нашри журналистларига қарши, Тожикистонда Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги норозилик чиқишлари иштирокчиларига қарши, Туркманистонда қамоқхонадаги маҳкумларга қарши қийноқ қўлланилганига эътибор қаратишган.

Ўзбекистондаги қийноқ ҳолатларига тўхталар экан, ҳуқуқбонлар ғайриинсоний муомалага дуч келган Дмитрий Иванус, Денис Николаев, Александр Трофимов ва Шоҳида Соломонова каби фуқаролар кейсларини мисол ўлароқ келтирган.

Ҳуқуқ фаоллари Марказий Осиё мамлакатлари расмийларини қийноқ муаммоси кўламини тан олиш, жиноят ишлари ва терговлар бўйича кенг кўламли статистикани эълон қилиш, мустақил кузатувчиларнинг қамоқхоналарга киришига имкон бериш, БМТнинг тегишли механизмлари билан конструктив ҳамкорлик қилиш ва тизимда томир ёйган қийноқ муаммосини шаффоф равишда ҳал қилиш, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва қамоқхоналар ходимларининг БМТ органлари ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликка ўргатиш йўли билан қийноқларга зудлик билан барҳам беришга чақиришган.