Reuters: Ҳусийлар кемаларга Эрон ва “Ҳизбуллоҳ” кўрсатмаси билан ҳужум қилмоқда

Ямандаги ҳусий жангариси.

Ямандаги ҳусийлар Қизил денгиздаги кемаларга Эрон Ислом инқилоби посбонлари ва Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” (кўплаб давлатлар томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган) кўрсатмаси билан ҳужум қилмоқда. Reuters бу ҳақда қатор манбаларга таянган ҳолда хабар берди.

Агентлик манбаларига кўра, Эрон АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи деб топилган ҲАМАС Исроилга 7 октябрда ҳужум қилганидан сўнг Ғазода бошланиб кетган уруш фонида ҳусийлар гуруҳларини қуроллантирмоқда, ҳарбий соҳага ўқитмоқда ҳамда молиялаштирмоқда.

Хабарда айтилишича, ҳусийлар Яманнинг қайси ҳудудидан туриб кемаларга ҳужум қилишни ўзлари белгилайди, аммо Қизил денгиздаги кемалардан қайси бири Исроил билан боғлиқ экани тўғрисидаги разведка маълумотларини Инқилоб посбонлари корпуси етказиб туради.

ҲАМАС-Исроил уруши бошланганидан сўнг ҳусийларнинг “Ансаруллоҳ” гуруҳи Қизил денгизда Исроилга сузаётган кемаларга ҳужум қилишини билдирган. Кемаларга ҳужумлар ортидан кўплаб йирик ширкатлар бу йўналишдаги қатновларни тўхтатган, бу эса халқаро савдога катта салбий таъсир кўрсатмоқда.

12 январдан бошлаб АҚШ ва Британия иттифоқчилари кўмагида ҳусийларнинг Ямандаги ҳарбий объектларига бир неча марта зарба берди.