Ҳусийлар Қизил денгизда иккита нефть танкерига ҳужум қилишди

Қизил денгизда ҳусийлар ҳужумига учраган танкер (архив сурати)

Эрон тарафидан дастакланаётган яманлик ҳусийлар 2 сентябрь куни Қизил денгизда иккита нефть танкерига ҳужум уюштиришган. “Америка овози” хабарига кўра, бу ҳақда америкалик ҳарбийлар маълум қилишган, улар ҳужумларни “ўйламай амалга оширилган террор хуружи” деб аташган.

Ҳужумга учраган Amjad танкери Саудия Арабистони байроғи остида, Blue Lagoon танкери эса Панама байроғи остида сузиб кетаётган бўлган.

АҚШ Марказий қўмондонлиги ҳусийлар танкерларга иккита баллистик ракета ва камикадзе дрони билан ҳужум қилиб, иккала кемага шикаст етказганини маълум қилган. Қўмондонлик баёнотига мувофиқ, Amjad бортида икки миллион баррелга яқин нефть бўлган.

Reuters агентлигининг икки манбаси зарба чоғида танкерлар ёнма-ён сузиб бораётганини маълум қилишган. Кемалар жиддий шикаст олмай, йўлида давом этишга муваффақ бўлишган. Ҳодиса чоғида ҳеч ким ҳалок бўлмагани айтилмоқда. Айни пайтда агентлик манбаларидан бири зарбанинг бевосита ҳадафи Amjad танкери бўлгани юзасидан шубҳа билдирган.

Душанба оқшомида Blue Lagoon танкерига ҳужум учун масъулиятни ўз зиммаларига олишган, бироқ улар ўз баёнотларида Саудия танкерини зикр этишган эмас, дея хабар қилган Reuters.

АҚШ Марказий қўмондонлигининг бошқа бир баёнотида америкалик ҳарбийлар Яманнинг ҳусийлар назорати остида бўлган ҳудудида иккита ракета тизимини муваффақият билан йўқ қилишгани айтилган. Қўмондонлик қайдича, бу тизимлар минтақадаги савдо кемаларига ҳамда АҚШ ва коалиция кучларига “бевосита таҳдид манбаси” бўлиб келаётган эди.