Исроил тарихида биринчи марта бутун бошли шаҳар эвакуация қилинмоқда

7 октябрда Сдерот ҲАМАС ва “Ислом жиҳоди” жангарилари томонидан босиб олинган эди.

Исроил тарихида биринчи марта уруш оқибатида бутун бир бошли шаҳар эвакуация қилинмоқда. The Times of Israel газетасининг ёзишича, Исроил жанубидаги 30 минг аҳоли яшайдиган Сдерот шаҳри кўчирилмоқда.

Шаҳар мэри Элад Калим ҳозиргача аҳолининг учдан икки қисми эвакуация қилинганини билдирди. Яна бир неча минг киши яқин кунларда шаҳардан олиб чиқиб кетилиши лозим.

Сдеротликлар Тель-Авив, Қуддус ва Эйлатга кўчирилмоқда. Мэр шаҳарликларнинг 10 фоизи турли сабаблар туфайли эвакуациядан бош тортиши мумкинлигини айтди.

Сдерот шаҳрига 1950 йилда Негев саҳросини ўзлаштириш лойиҳаси доирасида асос солинган. Мазкур шаҳар Ғазо бўлгаси чегарасидан бир неча километр узоқликда жойлашган.

7 октябрда Сдерот ҲАМАС ва “Ислом жиҳоди” жангарилари томонидан босиб олинган эди. Бироқ шаҳар бир неча соат ичида жангарилардан озод қилинган.