Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) 22 июнда Халқаро бокс ассоциацияси (IBA)ни тан олишдан бош тортгани тўғрисида қарор қабул қилди.
ХОҚ бош директори Кристоф де Кеппер IBAни 2024 йилда Парижда ўтадиган Олимпиадада бокс мусобақаларини ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум қилишга чақирди.
Ўтган йилнинг баҳорида ХОҚ халқаро спорт федерацияларига Россия ва Беларусь спортчиларини халқаро мусобақалардан четлатишни тавсия қилган эди. IBA бу тавсияга амал қилмаган ҳолда Тошкентда ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида Россия ва Беларусь спортичларини ўз мамлакатлари байроқлари остида қатнашишига рухсат берган.
Бунинг оқибатида Тошкентда 1 майдан 14 майгача ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатини 19 давлат, жумладан, АҚШ, Британия, Германия, Канада, Швеция, Польша, Нидерландия, Норвегия, Ирландия, Чехия, Швейцария ва Украина бойкот қилган.
2021 йилнинг декабригача AIBA номи билан фаолият юритган Халқаро бокс ассоциациясига 2020 йилдан бери россиялик Умар Кремлёв раҳбарлик қилиб келмоқда. У бу лавозимда ўзбекистонлик Ғофур Раҳимов ўрнини эгаллаган эди.
1998 йилдан буён AIBAнинг ижроия қўмитаси таркибида бўлган Ғофур Раҳимов халқаро жиноий гуруҳга аъзоликда гумонланган ва АҚШ Молия вазирлиги унга нисбатан санкциялар жорий этган эди. Лекин шунга қарамасдан Раҳимов 2018 йилнинг ноябрида бўлиб ўтган сайловда AIBA президентлигига сайланган. Аммо халқаро босим туфайли у 2019 йилнинг март ойида ташкилотни тарк этган.
Умар Кремлёв Ғофур Раҳимовни “AIBAни банкротлик ҳолатига етказиш ва бокс жамоатчилигини алдашда” айблаган. Ташкилотни қўлига олган россиялик бизнесмен "Газпром" ёрдамида 20 миллион долларга яқин қарзлардан қутулиш ва икки баробар кўп маблағ жалб қилишга ваъда берганди. Шу тариқа 2021 йил декабрида Кремлёв обрўси тўкилган AIBA номини IBA га ўзгартирди.
ХОҚ IBAни тан олишдан бош тортгани ортидан унинг ўрнини World Boxing эгаллаши мумкин. Мазкур ташкилот IBA расмий мусобақаларига бойкот эълон қилган давлатлар томонидан 2023 йилнинг баҳорида ташкил этилган эди.