Ўзбекистонда ҳайвонларнинг хатти-ҳаракатларига тақлид қилувчи квадроберлар пайдо бўлди.
Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Тошкент шаҳрида 10 октябрь куни ҳайвон ниқобини тақиб олган квадробер кўриниш берган. 11 октябрь куни яна бир квадробер йўловчиларга итга тақлидан ҳужум қилган. Воқеага гувоҳ бўлган бола қаттиқ қўрқиб кетгани айтилмоқда.
“Экспертлар фикрича, квадроберлик бола ўзига ҳайвонларнинг агрессив ҳаракатларини қабул қилишига, ўзини ва атрофдагиларни жароҳатлашига, боланинг ҳали тўла шаклланмаган психикасига зарар етишига ҳамда унинг жамиятдан ажратилиб қолишига олиб келиши мумкин... Мазкур ҳолатлар жамиятда юриш туриш қоидаларига зид бўлиб, бу каби хулқ-атворни мутлақо қабул қилиб бўлмайди”, дейилган ИИВ расмий хабарномасида.
Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддаси ва “Таълим тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ота-оналар фарзандларининг таълим-тарбияси учун масъуллигини эслатган.
Мамлакат қонунчилигига мувофиқ, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиши БҲМнинг 5 баробаригача (1 миллион 875 минг сўмгача) жаримага сабаб бўлади.
ИИВ таъкидича, болаларнинг квадроберлик субмаданиятига эргашиши ҳам ота-оналарнинг ўз мажбуриятларини бажармаслиги ўлароқ малакаланади.
Квадробика болалар ва ўсмирлар орасида оммалашган тренд бўлиб, субмаданият ва фитнес қоришмаси ўлароқ баҳоланади.