Тошкент шаҳрида яшайдиган ҳайдовчи, 33 яшар Санжар Раҳимовнинг ОzodMikrofonга арз қилишича, уни Сирдарё вилоятида йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори ичган ҳолатда машина бошқаришда гумонлаб, наркология диспансерига текширишга олиб борган.
“Ичмаганим учун кўнглим тўқ, диспансерга бориб унинг аппаратига пуфладим. Лекин, аппарати мени ичган деб 0.144 рақам кўрсатди. Қайта пуфладим 0.138 кўрсатди. Бу аппаратларинг бузуқ, деб яна пуфлашни талаб қилдим. Бу сафар 0,078 кўрсатди. Мен врачга ҳақиқатан ҳам ичмаганимни, қон ва сийдикдан анализ олиб текширишни талаб қилдим. Лекин улар рад қилди”, дейди ҳайдовчи.
Санжар Раҳимовнинг айтишича, шундан сўнг инспектор ва врач протокол расмийлаштириб, унинг ҳайдовчилик гувоҳномаси, талонини қайтариб берган ва хизмат машинасини жарима майдончасига қўйган.
Ҳайдовчи, Тошкентдан унга бошқа хизмат машинаси юборилгани учун бошлиғи билан кечга қадар иш билан юрганини, кечқурун эса Чилонзор туманидаги наркология диспансерига бориб уни қайта текширишларини талаб қилган:
“Мени у ерга киргизишмади. Фақат инспектор ҳамроҳлигида улар тест қабул қилар экан. Кейин соат 19 ларда янги ТошМИдаги республика суд-тиббий экспертизасига бордим. Борсам, якшанба куни ишламас экан. Эртаси, 15 январь куни соат 9 да бориб у ерда қон ва сийдик анализи топширдим. 16 куни эрталаб расмий жавоби чиқди. Менинг қоним ва сийдигимда умуман алкогол заррачаси ҳам топилмабди”, дейди ҳайдовчи.
Санжар Раҳимов Гулистонда у пуфлаган аппарат ҳар йили давлат стандарти текширишидан ўтказиб турилиши лозимлиги, лекин уч йилдан буён у ўтказилмаганини иддао қилди.
Санжар Раҳимов унга нисбатан қилинган адолатсиз қарордан норози эканлигини айтар экан, бу ҳақда Гулистон шаҳар прокуратурасига расман шикоят хати билан мурожаат қилган.
Санжар Раҳимов билан суҳбатнинг тўлиғини қуйида тингланг:
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
--------------------------------------------------------------------------------------------
Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.
OzodMikrofon сизга мунтазир!
OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!