Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси Пахтачи туманида фуқаролик кийимидаги ИИБ ходимлари томонидан вояга етмаган бола сўроқ қилинганига оид ҳодиса юзасидан изоҳ берди.
ИИБ қайдича, ҳолат 25 май куни Пахтачи туманидаги "Хўжа Зиёвуддин" масжидида содир бўлган.
Тартиб посбонлари иддаосига кўра, сешанба куни соат 20:30 лар атрофида Пахтачи тумани ИИБ ходимлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мазкур масжид кўздан кечирилганида махсус диний маълумотга эга бўлмаган Х.А. исмли киши 11 нафар (5 нафари вояга етмаган) шахсларга рухсатномасиз диний таълим бераётгани аниқланган.
“Ҳолат юзасидан Х.А. га нисбатан МЖтК нинг 241-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, келгусида диний таълимотлардан сабоқ бериш нияти бўлса, махсус диний билимларни эгаллаб, қонунларга асосан, ваколатли диний органларнинг рухсати асосида фаолият кўрсатиши мумкинлиги тушунтирилган”, дейилган хабарномада.
Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати ички ишлар органлари ҳеч кимни диний билим олишини чекламаслигини урғулаган.
“Юртимизда диний билим олиш учун барча зарурий шароитлар яратилган. Фақатгина қонунчиликка асосан, белгиланган меъёрларга амал қилиш сўралади”, дея изоҳ берилган ИИБ хабарномасида.