ИИББ “янгийўлликларни ваҳимага солган кобра илон” юзасидан баёнот берди

Иллюстратив сурат

Тошкент вилояти ИИББ Янгийўл туманида 30 дан ортиқ кобра илон очиқликка қўйиб юборилгани ҳақидаги хабарни рад этди.

2 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Янгийўл тумани Туябўғиз қишлоғида фуқаро хонадонида сақланган бир қанча кобра илонлар қўйиб юборилгани ҳақида хабар тарқалганди.

Маҳаллий нашрлар ёзишича, илонларнинг ҳудуд бўйлаб тарқалиши оқибатида аҳоли орасида ваҳима ёйилган.

Тошкент вилояти экология бошқармаси маълумотига кўра, Туябўғиз МФЙда яшовчи фуқаро Н.Ю. хонадонида 30 дан ортиқ “Осиё кобра” илонларини тегишли рухсатномасиз сақлаб келган. Номаълум сабабларга кўра жониворлар очиққа қўйиб юборилган. Маҳаллий аҳоли уларнинг иккитасини тутиб ўлдирган.

Вилоят ИИББ матбуот хизмати раҳбари Бобур Тўлаганов бу борада фарқли баёнот берган. Унга кўра, 30 дан зиёд эмас, балки 4 та илон боқилаётган жойидан қочиб кетган ва қисқа вақт ичида уларнинг ҳаммаси тутилган. Хабарномада ҳолат юзасидан ИИББ томонидан терговга қадар текширув олиб борилаётгани айтилган.