Ички ишлар вазирлиги Санжар Хўжа тахаллуси билан танилган блогер Санжар Икромовни ва Detektiv Uz YouTube-канали муаллифи Шерали Комиловни қидирувга берди. Бу ҳақда “Газета уз” Ички ишлар вазирлигига таянган ҳолда 9 август куни хабар берди.
Блогерларнинг исмлари Ички ишлар вазирлиги сайтининг тегишли бўлимида эълон қилинган. Санжар Икромов Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдордаги фирибгарлик), Шерали Комилов 168-модда 3-қисми “б” банди (ўта хавфли рецидивист томонидан фирибгарлик содир этилиши) ва 140-модда 3-қисми “а” банди (ҳақорат қилиш жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда) айбланмоқда.
Мазкур айблов асосида блогерлар 8 йилдан 10 йилгача қамалиши ёки БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жаримага тортилиши мумкин.
1988 йилда туғилган Санжар Икромов YouTube`да 200 мингдан ортиқ, Telegram`да 18,3 минг, Facebook`да 29 минг обуначига эга. У асосан сиёсат, иқтисод ва психология мавзуларини ёритади. ИИВ маълумотида қайд этилишича, у ҳозир Туркияда яшамоқда.
1979 йилда туғилган Шерали Комилов Detektiv Uz муаллифи бўлиб, унинг YouTube-каналида 17,8 минг, Facebook`да — 8140 обуначиси бор. "Унинг кўплаб постларида диний блогер Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий) танқид қилинади”, дейилади хабарда.
Сўнгги ойларда Ўзбекистонда қатор журналистлар ва блогерлар турли айбловлар асосида қўлга олинди. Жумладан, 4 августда YouTube’даги “Кўзгу” канали муаллифи Абдуқодир Мўминов “фирибгарлик” ва “товламачилик”да айбланиб, Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан 7 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
29 июлда эса фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров товламачиликда гумонланиб қўлга олинди.
Шу йилнинг 27 июнь куни матбуот ходимларига табрик йўллаган Мирзиёев Ўзбекистон сўз эркинлиги соҳасидаги ислоҳотларда ортга қайтмаслигини таъкидлаганди. Мирзиёев ўзининг сўнгги президент сайловолди учрашувларида охирги 6 йилда Ўзбекистонда "одамлар қўрқувдан халос бўлгани"ни иддао қилган. Аммо охирги ойларда 10 га яқин блогер босим ва хавфсизлик сабаблари боис блогерлик фаолиятини тўхтатганини эълон қилди.