Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги фаолларни Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида яшовчи блогер Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича текширилмаган маълумотларни тарқатмаслик юзасидан огоҳлантирди.
Вазирлик матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовга кўра, мазкур иш бўйича Ўзбекистон ва хорижий ижтимоий тармоқларнинг фаоллари томонидан турли миш-мишларни тарқатиш, давлат идораларининг ваколатлари ва ҳаракатларини шубҳа остига қўйиш, уларни обрўсизлантиришга қаратилган хабарларни кўпайтириш, масаланинг моҳиятини тушунмасдан туриб, оммани чалғитиш ва бошқа қонунбузарлик ҳолатлари такрорланиб келмоқда.
ИИВ мулозими “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, жамоатчилик назорати субъектларининг давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига асоссиз аралашувига ва уларга ғайриқонуний таъсир кўрсатишига йўл қўйилмаслиги, шунингдек, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун билан тергов органларининг материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш қатъиян тақиқланганини эслатган.
“Ижтимоий тармоқларнинг фаоллари томонидан жиноят иши билан боғлиқ текширилмаган ахборотни жамоатчиликка тарқатиш орқали бирор-бир мақсадга эришишга ҳаракат қилиш, тергов ва суд органларининг фаолиятига нисбатан сунъий равишда салбий муносабат шакллантириш – тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш, деб баҳоланади ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради”, дея огоҳлантирган Ш. Ғиёсов.
Блогер Отабек Сатторий Термиз шаҳар Темир Мирзаев кўчасидаги хонадонидан 30 январь куни гуруҳ фуқаро кийимидаги бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари томонидан “Жентра” русумли машинага ўтқазилиб, олиб кетилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари блогерни товламачиликда айбламоқда. Айни пайтда унга нисбатан эҳтиёт чораси ўлароқ қамоқ жазоси қўлланилган. Агар у айбдор деб топилса, 10 йилгача қамалиши мумкин.
Кейинги ҳафтада 41 ёшга тўладиган блогер Отабек Сатторий Telegram ва YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогида вилоят ҳокими Тўра Боболовни танқид қилгани билан танилган.
Аввалроқ қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Ўзбекистон ҳукуматини ҳибсга олинган Сатторийни озод қилишга чақиргани ҳақида хабар берган эдик.
Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев эса Cурхондарё вилояти ИИБ томонидан блоггер Отабек Сатторийнинг қўлга олиниши ҳамда журналист Фарҳод Исмоиловнинг уйи тинтилганини даҳшат ва давлат сиёсати учун шармандалик” деб атаган.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳам 8 февраль куни ёйинлаган баёнотида “ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни мазкур ишни барча ҳолат ва томонларнинг кўрсатмаларини ҳисобга олган ҳолда батафсил ва холис кўриб чиқишга” чақирган.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов эса кеча Фейсбукдаги ўз саҳифасида қолдирган постида Сатторийнинг тутиб кетилиши юзасидан қатор саволларни ўртага ташлаган.
“Нима учун энг хавфли жиноятчидек унинг (Отабек Сатторий) уйида тинтув ўтказилди, нима учун у кўплаб одамлар билан олиб кетилди, нима учун суд ёпиқ бўляпти? Барча товламачиликда гумон қилинган фуқароларга шунақа муносабат қилинадими? Ёки блогер бўлгани учун шундай алоҳида “ҳурмат-эҳтиромми”? Бу нормал ҳолатми? Ички ишлар вазирлиги бу масала юзасидан изоҳ бериши шарт. Методлар қачон ўзгаради? Босиб олиб кетмай, идорага қонуний чақирув қоғози билан чақирилса, келмас эдими? Эҳтиёт чораси сифатида нима учун энг оғири, қамоқ танланди? Қонун ҳамма учун баробар экан, орган ходимлари ҳам ошириб юборишмасин. Бизнинг жамоат фондимиз бундай ҳатти-ҳаракатни кескин қоралайди”, деб ёзган К. Алламжонов Ўзбекистон Бош прокуратурасидан ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришни сўраган.