Қирғизистондан Ўзбекистонга киришига рухсат берилган аëл ëлғиз қолиб кетган болалари олдига қайтди

Карантин боис, 2 ёш боласи (2 ва 5 яшар) Ўзбекистонда ёлғиз қолиб кетган қирғизистонлик келинчак Зилола Пакирдин қизи, март, 2020

Карантин сабаб 2 ва 5 яшарлик боласи Ўзбекистонда ёлғиз қолиб кетган ​30 яшар Зилола Пакирдин қизининг Қирғизистондан Ўзбекистонга киришига рухсат берилди ва у 14 кунлик мажбурий карантидан сўнг¸ болалари бағрига қайтди.

Бу ҳақда аëлнинг ўзи 18 май куни Озодликка маълум қилди.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидан Андижонга келин бўлиб тушган Зилола шу йилнинг 26 апрелида чегарадан ўтишда ёрдам сўраб, Озодликка мурожаат қилган эди.

Маълум бўлишича, мурожаатидан икки кун ўтиб, унга Ўзбекистон чегара қўшинларидан қўнғироқ қилишган ва киришига рухсат берилганини айтишган.

Зилола Пакирдин қизининг айтишича, Озодликда чиқишидан икки кун ўтиб, уйда ёлғиз қолган икки боласи ИИВ назоратига олинган:

- Уйимизга ички ишлардан одам бориб, болаларимни биздан ярим соат йўл нарида турадиган амакимга обориб беришди. Унгача амаким карантинда уйидан чиқолмай ўтирганди. 11 май куни карантин тугади, мени уйимга олиб бориб қўйишди. Кейин амаким болаларимни олиб келди. Уларни бағримга босиб, шунақа қувондим! Худога шукр, иккиси ҳам соғлом, мен ҳам саломат, ҳаммаси ортда қолди.

30 яшар Зилола Пакирдин қизи 26 апрель куни Озодлик билан суҳбатда ўзи ва болаларининг айрилиб қолиш сабабларини ҳикоя қилган эди.

Ўзбекистонга 10 йил олдин келин бўлиб тушганига қарамай¸ Зилола ҳалигача ўзбек ватандошлигини ола олмаган. Қирғизистон фуқаролик паспортига кирди-чиқди тамғасини бостириш учун у ҳар 60 кунда бир чегарадан чиқиб-кириши керак.

Зилола сўнгги бор, тамға бостириш учун 15 март куни чегарадан ўтган, аммо ўтказиш пунктидаги навбатлар сабаб, қайтиб киришга улгурмай қолган. 16 мартдан бошланган карантин сабаб¸ қўшни давлатлар билан кириб-чиқиш ëпилди.

Ўтган ойдаги суҳбатда Зилола Пакирдин қизи бир неча бор чегарага қайтиб боргани, аммо ўтишга рухсат ололмаганини айтган эди:

- Кейин 26 апрель куни Озодликда чиқдим. 28 апрель куни менга қўнғироқ қилишиб, тезда чегарага етиб келинг, дейишди. 28 апрель оқшом мен, яна бир қирғизистонлик келинчак ва яна 130 дан ортиқ одамни чегарадан киритишди. Шаҳрихонда карантинда турдик. Ҳаммамиз соғлом чиқдик ва 11 май куни рухсат беришди. Уй-уйиимизга олиб бориб қўйишди.Қўшниларимга катта раҳмат! Болаларимни соғ-омон қарашибди. Сизларга катта раҳмат, Ташқи ишлар вазирлигига раҳмат, президентга раҳмат! Ҳаммага раҳмат!

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ўзи Қирғизистонда, икки боласи Ўзбекистонда қолиб кетган келинни чегарадан ўтказишди


Зилола Пакирдин қизининг болалари, амакисининг қаровига ўтгунча, 15 мартдан то апрель охиригача ён қўшнисининг қаровида қолиб кетган.

Зилоланинг айтишича¸ амалдаги хорижга чиқиш паспорти бўлмагани учун, болаларини 15 март куни ўзи билан олиб кетолмай, бир неча соатга ён қўшнисига ташлаб кетишга мажбур бўлган. Турмуш ўртоғи эса Россияга ишлагани кетган.

Ҳозирда карантиндан кейинги 10 кунлик тиббий кузатув остида қолаëтган Зилоланинг айтишича, турмуш ўртоғи Россияда ишсиз қолгани ортидан¸ оиланинг ягона даромад манбаи ҳам йўқолган.

- Мен икки болам билан уйдаман, ишламайман. Болаларимга пул ҳам олмайман. Фақат хўжайним пул жўнатарди, ўшанга яшаётгандик. Лекин карантинлар бўлиб, у ёқда ҳам кирим тўхтаб қолибди. Ҳозирча амаким бозор қилиб берди, яна 4 - 5 кунга етиб қолади, шуни еб турибмиз.

Зилола карантин даврида ўзи каби оғир аҳволга тушиб қолган ёш болали оналар учун давлат ва турли хайрия ташкилотлар томонидан йиғилган моддий ёрдам тарқатилаётганидан ҳам бехабарлиги, имконият бўлиши билан, тегишли ташкилотларга мурожаат қилишини айтди.

Ўзбекистон COVID-19 инфекциясининг мамлакатга кириши ва ёйилиши олдини олиш мақсадида, 2020 йилнинг 16 мартидан қўшни давлатлар билан чегараларини ёпган.

Чегара ёпилганидан сўнг, қўшни давлатлардан кира олмаëтган юзлаб ўзбекистонликлар Озодлик орқали ҳукуматга мурожаат қилиб¸ ватанга қайтишда ëрдам сўрамоқда.

Ташқи ишлар вазирлигига кўра, март ойи охирига келиб, бу фуқароларнинг каттагина қисми Ўзбекистонга киритилган ва карантинга олинган. Расмий маълумотларга кўра, қўшни давлатлардаги ватандошларни гуруҳ-гуруҳ қилиб, мамлакатга киритиш амалиёти ҳануз давом этмоқда ва киритилганлар Андижон вилоятидаги турли муассасаларда 14 кун карантинда сақланмоқда.

Мавзуга алоқадор UZ/Коронавирус: Карантин 15 июнгача узайтирилди, "Яшил ҳудуд"ларда тўйларга рухсат берилади