Икки юз кишига фириб берган автосалончилар қамалди

Иллюстратив сурат

Иллюстратив сурат

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туман суди кўп сонли фуқароларни чув туширган автосалончиларга ҳукм ўқиди.

Kun.uz нашрининг суд ҳукмига таянган ҳолда ёзишича, жиноий гуруҳ жозибали рекламалар орқали ишсиз, тайинли даромади йўқ фуқароларни биргаликда даромад олишга қизиқтирган.

Шу тариқа 100-500 доллар эвазига жами 203 киши номига банкдан автомобиль учун 200-300 миллион сўмдан кредит олинган. Кредит маблағларини эса схема тепасида турган шахслар ўзлаштирган.

Одамлар икки ой ичида Хитойдан автомашина олиб келиниб, қайта сотилиши ва тушган маблағ ҳисобига кредит тўлиқ ёпилишига ишонтирилган. Етказилган умумий зарар миқдори 62 миллиард сўмни ташкил этган.

Суд ҳукми билан судланувчилар Зоҳид Тоғаев ва Дилшод Эшонқулов 9 йил, Обидхон Тўраев ва Ваҳобжон Муҳарамхўжаев 8,5 йил, Нозимжон Аслонов 8 йил 1 ой, Шербек Озодбеков 2 йил муддатга давлат идораларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда 4 йил 2 ой муддатга қамалган. Улар Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми а, в бандлари (жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб фирибгарлик содир этиш), 228-моддаси 2-қисми а, б бандлари (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан айбдор деб топилган.

Етказилган зарар судланувчилардан солидар тартибда ундирилиши белгиланган.

Ўзбекистонда одамларнинг автомобиль олиб бериш ваъдасига ишониб, миллионлаб сўм маблағидан ажралиб қолиши илк бор кузатилаётгани йўқ.

Озодлик жорий йил январь ойида Тошкент шаҳри Янгиҳаёт тумани ИИБ “Umid avto companies” МЧЖ мансабдорларига нисбатан ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатгани ҳақида хабар қилган эди.

2024 йил декабрь ойида эса Шайхонтоҳур туманида давлат рўйхатидан ўтган “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ мансабдорларига ҳам худди шундай айблов илгари сурилганди.