Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 79 йиллиги муносабати билан” Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантиришга оид фармонни имзолади.
Президент сайтида 7 май куни ёйинланган фармон матнидан келиб чиқилса, Ўзбекистонда яшаётган уруш қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 20 миллион сўм (МБнинг шу кундаги курси билан тақрибан 1575 АҚШ доллари) миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади.
Ҳужжатда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига мазкур пул мукофоти Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб қувватлаш “Нуроний” жамғармаси билан биргаликда тантанали ҳамда байрамона вазиятда топширилиши қайд этилган.
Айни пайтда Ўзбекистонда қанча уруш фахрийси яшаши тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Бироқ ўтган йилнинг май ойида Мудофаа вазирлиги мамлакатда фронторти меҳнаткашлари билан қўшиб ҳисоблаганда 174 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилиниши билдирган эди.
Хабарларга кўра, Ғалаба байрами муносабати билан уруш фахрийларига Қозоғистонда 1,5 миллион танга (3400 АҚШ долларидан кўпроқ), Тожикистонда 40 минг сомоний (3660 АҚШ долларидан кўпроқ), Қирғизистонда 100 минг сўм (1130 АҚШ долларидан кўпроқ), Туркманистонда эса 200 манат (расмий курс бўйича 57 АҚШ доллари ёки “қора бозор” курси бўйича 10 АҚШ доллари) миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади.