Олий суд ҳайъати Нукус воқеалари бўйича биринчи инстанция судининг 17 мартдаги ҳукми билан озодликдан маҳрум этилган 28 нафар шахснинг апелляция тартибида берилган шикоят аризаларини кўриб чиқиш ишини якунлади. Суднинг 12 июнь кунги қарорига мувофиқ, судланувчилардан 5 нафарининг қамоқ жазоси озодликни чеклаш жазси билан алмаштирилган, судланувчилардан 16 нафарининг жазо муддати қисқартирилган, 7 нафарига нисбатан эса биринчи инстанция суди ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Бухоро вилоят судида 17 март куни Нукус воқеалари иштирокчиларидан 39 нафарига нисбатан ҳукм эълон қилинган эди. Суд ҳукмига мувофиқ, судланувчилардан 28 нафари 5 йилдан 11 йилгача озодликдан маҳрум этилган, 11 нафари эса шартли равишда суд залидан озод қилинган. Бу 2022 йил 1-2 июль кунлари содир бўлган Нукус воқеалари бўйича иккинчи суд эди.
Нукус воқеалари бўйича Бухородаги илк суд жараёни шу йилнинг 31 январида якунланган. Унда 22 кишига нисбатан суд қарори чиқарилган. Судда асосий айбланувчи сифатида кўрилаётган Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган, яна 17 киши 3 йилдан 8,5 йилгача озодликдан маҳрум этилган, Лолагул Қаллиханова дохил тўрт киши эса суд залидан озод қилинган.
Илк суд бўйича 16 судланувчининг шикоятларини апелляция тартибида кўриб чиқиш шу йил 5 июнида якунланган. Олий суд ажримига кўра, Нукус воқеалари бўйича асосий айбланувчи сифатида кўрилган Даулетмурат Тажимуратовга белгиланган 16 йиллик қамоқ жазоси ўзгаришсиз қолдирилган, 8 нафар судланувчининг қамоқ жазоси озодликни чеклаш билан алмаштирган, 6 нафар судланувчининг эса жазо муддати қисқартирилган.
Нукус воқеалари деб ном олган норозилик чиқишлари ўтган йилнинг июль ойи бошида Ўзбекистон конституциясининг янги таҳририда Қорақалпоғистон республикаси суверен мақомининг бекор қилинишига қарши бошланиб кетган эди. 1 ва 2 июль кунлари кузатилган норозиликлар чоғида, расмийларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган.
Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.
Аввалроқ АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган. Аммо иккинчи суддаги айбланувчилар орасида ҳам намойиш иштирокчиларига қарши ноқонуний куч қўллаганликда гумонланган хавфсизлик кучлари ходимлари кўринган эмас.