Интернетда бир видео пайдо бўлди: унда ўзларини тан олинмаган “ЛХР”нинг “сафарбар қилинган захира кучлари” деб атаган ҳарбий кийимли ўнлаб эркаклар “ДХР” ҳудудида жанг қилишдан бош тортажакларини айтишади. Улар “биз ўз бурчимизни бажардик, учинчи июлда ғалабани нишонладик”, дейишмоқда. Айни ўша санада Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу президент Владимир Путинга Луганск вилояти босиб олингани ҳақида ҳисобот берган эди. Аввалроқ, Луганск вилояти учун жанглар давом этаётган пайтда “ДХР” жангарилари ҳам шунга ўхшаш видео чиқариб, “ЛХР” армиясида жанг қилишни истамасликларини айтишган ва мажбурий сафарбарликдан шикоят қилишганди.
Уруш бошланганидаёқ Украина қуролли кучлари сафига қўшилган сиёсатшунос Кирилл Сазонов “Настояшчее время” ёйинида Донбассда қандай воқеалар юз бераётгани, Россия армияси ва жангарилар томонида кимлар жанг қилаётгани ҳақида сўзлаб берди.
– Донецк ва Луганск айирмачи республикалари армияларига аскарликка олинган бу одамлар жанг қилишдан бош тортаётгани ростми? Бу ҳолат фронтнинг Украина томонидан кўринадими?
– Жуда яхши кўринади. Уларни “аскарликка олинганлар” деб тўғри айтдингиз. Бу одамлар: “Биз ўз бурчимизни бажардик. Фалон жойни ҳимоя қилдик, фалон ерни босиб олдик. Фалон жой учун эса жанг қилишни хоҳламаймиз”, дейишяпти. Йигитлар, сиз, нима, кўнгилли аскармидингиз? Ўз хоҳишингиз билан урушга кирганмидингиз? Йўқ, сизни топган жойларида таппа босиб, фронтга жўнатишган.
Биласизми, бу одамларни олдинги маррага ташлашяпти, яъни бизнинг ўқларимизга нишон қилишяпти, Россия штурмчилари эса уларнинг орқасидан тўсувчи отряд сифатида ҳаракат қиляпти. Мана уларнинг қадр-қиммати, ўрни! “Жанг қилишни хоҳламайман”, “касалман” деб видео чиқарганлари билан ҳеч нима ўзгармайди. Россия уларга чиқинди, иккинчи нав одамлар деб қарайди. Қанчаси ўляпти, қанчаси қоляпти – санаб ҳам ўтиришмайди. Нега? Чунки Россия шартнома асосида хизмат қилаётган ҳар бир аскари ўлганида унинг оиласига янги “Лада” машинаси сотиб олиш учун пўл тўлаши керак. “ЛХР”, “ДХР”дан сафарбар қилинганлар учун эса бу “республика”ларнинг ўзи товон тўлайди – у ҳам арзимаган пул. Шу боис Россия уларга мутлақо ачинмайди. Жанговар тайёргарлиги бор ёки йўқлиги ҳам қизиқ эмас. Умрида автомат ушлаганми, йўқми – барибир у олдинги сафда бориши ва бизнинг позицияларни ёриб ўтиши керак. Шундан сўнг миномётлар ишга тушади ва Россия штурмчилари ҳужумга ўтади. “ДХР” ва “ЛХР”ликлар шу тариқа “тўп еми” вазифасини ўтаб беришади. Ҳар қанча зорланишмасин, ўзларини ҳар ёққа ташлашмасин, уларни энг олдинги чизиққа ташлашади барибир. Лисичанскда шунақа бўлган эди, ҳозир Бахмутда ҳам шу аҳвол. Бундан кейин ҳам бўлади.
– Донецк вилоятида ҳозир кимлар ҳужум қилмоқда? Луганск ва Донецк вилоятларидан сафарбар қилинган ўша одамларми?
– Тактика ўзгармаган. Бу иккинчи нав одамларни олдинга ташлаб, сўнгра миномёт ва артиллериядан ўт очишади, шундан кейингина Россия қўшинлари ҳаракатга келади. Бу синовдан ўтган усул. Ҳозир улар Бахмутни босиб олиш учун кучаниб ётишибди, чунки бу шаҳар Зайцево – Майорск ҳамда Краматорск – Славянск ўртасида логистикани таъминлайди, Дружковка, Покровскка йўл ҳам шу ердан ўтади. “ДХР” ва “ЛХР”ликлар, Россия армияси – ҳаммаси Бахмут йўналишига ташланган, снарядлар, ракеталар – нима бўлса отишяпти.
Аввалроқ бир неча кун Бахмутни ишғол қилишга қаттиқ уринишганида бизнинг 58-бригададан яхшигина зарба еб, катта талафотлар билан чекинишган эди. Ҳозир яна ҳужум қилишяпти. Аммо, ҳатто жанговар интизомни сақлай олишмагани учун Украина махсус амалиёт кучлари уларни шундоққина тумшуқлари тагидан ўққа тутиб, ғойиб бўлди. Кеча эса Лисичанскда Россия қўшинлари казармаси яксон қилинди, юздан зиёд одам ўлди.
Хуллас, бу урушдан барча насибасини олаяпти, лекин Украина армияси зарбасига биринчи бўлиб Донецк ва Луганскдан сафарбар қилинганларни қалқон қилишмоқда. Россия қўмондонлари ўзлариникини аяшмайдию буларга раҳм қилармиди.
– Шунга қарамай, аҳён-аҳёнда Украина Бош штаби ҳисоботларида айрим ҳудудлар ташлаб чиқилгани ва Россия қўшинлари бир оз олдинга силжигани ҳақида ўқиб қоламиз. Айтинг-чи, Россия армияси Донбассда имиллаб бўлса ҳам илгарилашга қандай муваффақ бўлмоқда?
– Улар артиллерия бўйича ҳамон биздан устун. Замбараклари эски, совет замонидан қолган, лекин жуда кўп, боз устига, ўқ-дори захиралари чексиз. Бизда 2014 йилдан сўнг ўқ-дори омборлари бирин-кетин сирли равишда портлаганида Россия снаряд ғамлади. Ҳозир улар Бахмутга ростдан ҳам тинимсиз снаряд ёғдиришяпти. Бизда Ғарб қуроллари бор, хусусан, “уч болта” деб лақаб қўйиб олганимиз ўзиюрар тўплар жуда зўр нарса. HIMARS’ларни эса айтмасак ҳам биласиз. Унинг олтита ўрнига, 12 та ракета отадиган британча аналоги келди яқинда – у ҳам ғаройиб қурол. Бироқ булар ҳали етарли миқдорда эмас. Кўпроқ керак.
Лекин биз уларни тўхтатяпмиз. Кеча “руслар Покровскни олибди”, деб ваҳима кўтаришганини кўрдим. Кўпчилик уни Днепропетровск вилоятидаги муҳим логистика хаби бўлган Покровск шаҳри билан адаштирипти. Нариги Покровск эса – Бахмут билан Лисичанск орасидаги кичкина посёлка. Руслар уни эгаллашди, аммо бу ёғига Бахмут ёки Славянскни олишга кучлари етмайди. Чунки жуда кўп кучларини жанубга ташлашди.
Ҳозирда улар Пески учун, Авдеевка учун олишишмоқда. Бу стратегик аҳамиятга эга аҳоли масканлари эмас, шунчаки Донецкнинг биқинида бўлгани ва улар орқали исталган маҳал шаҳарга киришимиз мумкинлиги русларнинг асабига тегяпти. Айни пайтда Пески ва Авдеевкада қаттиқ жанглар бўляпти. Қўлларида бор жамики қуролларни ишга солишган. Бизникилар мудофаада қаҳрамонлик кўрсатишмоқда. Артиллериядаги бунақа катта тафовут бўлгани ҳолда пиёдаларимиз, десантчиларимиз, мотоўқчиларимиз шунча вақтдан бери марраларни сақлаб туришибди, бу қаҳрамонликдан бошқа нарса эмас. Душман катта талафот бераётганини кўриб турибмиз. Одам етишмаганидан қамоқдаги жиноятчиларни олиб келишяпти. Русларда пиёда қўшин етишмайди деб сира ўйламаган эдим, қаранг, олти ойда вазият қанчалар ўзгариб кетди.