Илҳом Алиев икки кунлик ташриф билан Ўзбекистонда бўлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев озарбайжонлик ҳамкасби Илҳом Алиев билан (архив сурати)

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 22 августи давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, икки кунлик ташриф Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан амалга оширилмоқда.

Хабарномада қайд этилишича, дастлаб мезбон ва меҳмон президентлар раислигида Тошкент шаҳрида олий даражадаги музокаралар ва Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси ўтказилиши режаланган.

Саммит кун тартибидан Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш масалалари ўрин олган”, дейилган хабарномада.

Тадбир чоғида ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, кооперация лойиҳаларининг янги портфелини шакллантириш, ишбилармонлик алоқаларини, шу жумладан ҳудудлараро алмашинувни ривожлантириш, транспорт-коммуникация салоҳиятини рўёбга чиқариш, маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш ва бошқа масалалар кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Шунингдек, Озарбайжон президентининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида Мирзиёев ва Алиев икки мамлакат бизнеси вакиллари билан учрашув ўтказишлари, қатор ишбилармонлик ва маданий тадбирларда иштирок этишлари айтилган.

Илҳом Алиев Ўзбекистонга ўз мамлакатида Россия президенти Владимир Путинга мезбонлик қилгани ортидан келмоқда. Путин 18-19 август кунлари Озарбайжонга давлат ташрифини амалга оширгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Россия президенти билан 15 август куни Шавкат Мирзиёев ҳам телефон орқали мулоқот қилган. Ўша пайтда Кремль матбуот хизмати мазкур мулоқот Ўзбекистон томони ташаббусига кўра амалга ошганини маълум қилган эди.