Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4-моддаси (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) билан 2 минг 593 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Улардан 35 нафари жаримага тортилган, 2 минг 558 нафарига нисбатан эса маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълумот тарқатди.
Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилигига мувофиқ, маъмурий қамоқ дейилганда бирор маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни 3 суткадан 15 суткагача муддатга ҳибсда сақлаш тушунилади. Фавқулодда ҳолат тартиби шароитида эса бу жазо 30 суткагача чўзилиши мумкин. Бу тартиб 2018 йилнинг 11 июлидан кучга кирган.
Олий суд мулозими қайдича, ўтган йили мамлакат бўйлаб алимент тўлашдан бўйин товлаган 8 минг 517 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Улардан 160 нафарига нисбатан жарима жазоси тайинланган, 8 357 нафарига нисбатан эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.