Илк тўрт ойда давлат бюджет дефицити 25 триллион сўмдан ошди

Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг январь-апрель ойлари оралиғида Ўзбекистонда давлат бюджети дефицити 25 триллион сўмдан (Марказий банкнинг шу кундаги курси билан тақрибан 2 миллиард АҚШ доллари) кўпроқни ташкил этган. Бу ҳақда “Газета.uz” нашри Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ёйинлаган инфографика маълумотларига таянган ҳолда хабар қилди.

Йилнинг илк чорагида давлат бюджети дефицити қарийб 20 триллион сўмга (1,56 миллиард АҚШ доллари) етгани ҳақида хабар қилинган ва бу сўнгги 12 йил ичидаги рекорд кўрсаткич экани урғуланган эди.

Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджети дефицити 2023 йилда ҳам рекорд даражага етиб, 59 триллионн сўмни (5 миллиард АҚШ долларидан кўпроқ) ташкил этган. Ўтган йил якунида ҳукумат харажатлар чегарасини тутиб туролмагани учун парламент орқали лимитни оширишга мажбур бўлган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ўтган йилнинг 25 декабри куни имзоланган 2024 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунга мувофиқ, давлат бюджети даромадлари 270,4 триллион сўмни, харажатлар 280,7 триллион сўмни ташкил этиши, дефицит эса 10,3 триллион сўм бўлиши кутилаётган эди. Бироқ бюджет дефицити илк тўрт ой ичида йиллик кутилмадан қарийб икки ярим баравар ошиб кетгани қатор саволларни пайдо қилмоқда.